ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ОЗОДЛИК, ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИК РАМЗИ


17.11.2023

«Жонажон Ватанимиз тимсоли ва мустақиллигимиз рамзи бўлган

давлат байроғимиз, мадҳиямиз ва гербимизга, менга топширилган

Президентлик Олий нишони ва байроғига юксак ҳурмат бажо келтираман».

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ўзбекистон Республикаси давлат тимсолларининг рўёбга чиқиши мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг номи билан боғлиқ. Унинг давлат раҳбари сифатида фаолият юритаётган пайтда мустақилликнинг тамал тоши қўйилиб, Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида, халқаро сиёий майдонда тенг хуқуқли субъект сифатида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлди. Бунинг тасдиғи сифатида БМТ бош қароргоҳи, ҳамда бошқа бир қатор нуфузли ташкилотларнинг бинолари олдида мустақил давлатнинг бош рамзларидан бири – миллий байроғимиз ҳилпирай бошлади.

Расмий делегацияларнинг хорижга сафари, халқаро машваратлар ва спорт мусобақалари давомида тинчлик, эзгулик ва адолат рамзи бўлмиш байроғимиз муносиб равишда мамлакатимизни дунёга танитади.

Ўзбекистоннинг янги тарихи солномасига 18 ноябрь 1991 йил санаси олтин ҳарфлар билан битилган.  Айнан шу куни Ислом Каримовнинг ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Унда республиканинг ўзига хос табиати, халқимизнинг миллий ва маданий анъаналари қаторида, давлатимизнинг тинчликпарвар сиёсати ва ёруғ келажак сари интилиши рамзий маънода ифода этилган.

Мустақиллик кунига бағишланган тантанали маросимларнинг бирида Ислом Каримов : “Мустақиллик деганда, унинг маъно-мазмунини биз аввало ҳуқуқ деб қабул қиламиз. Мустақилликка эришиш – бу ўз тақдиримизни қўлимизга олиб, юртимизнинг ер ости ва ер усти бойликларига эга бўлиш, биз қандай улуғ тарих, маданият ва маънавиятга эга эканимизни, ўзлигимизни чуқур англаб, беқиёс салоҳиятимизни ишга солиш, қадриятларимизни, дину диёнатимизни тиклаш каби буюк ва муқаддас бурчимизни амалга оширишдир”, дея таъкидлаган. 

Ушбу фикр ва ғояларнинг узвийлиги ҳар бир ўзбекистонлик учун қадрли бўлган Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тимсолида акс эттирилган.

Уни қадрлаш ва асраш орқали, ҳар биримиз янги тарихий йўлни бошлаган Ўзбекистондаги улкан яратувчилик жарёнига бевосита дахлдорлигимизни чуқурроқ ҳис этамиз.

Миллий тикланишдан-миллий юксалиш сари деган ғоя бугун Янги Ўзбекистоннинг, ҳар бир ватандошимизнинг истиқболга қаратилган азму қарорига айланди. Тикланишсиз юксалиш бўлмаганидай, буюк ният ва мақсадсиз самарали ҳаракат, нурли келажак бўлмайди. Ана шу маънода Давлат рамзлари бугун халқимизга ҳаёт синовларини мардона енгиб ўтишда, ҳар кун, ҳар лаҳза ғурур ва матонат билан миллий юксалиш сари қадам ташлашда бетимсол қудрат ва бунёдкорлик руҳини бахш этмоқда.

Ф.Қурбанбаев суратлари

Ж. Комилов коллаж муаллифи