ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Озод ва обод Ватанга бахшида умр


19.01.2018

В.Успенский номидаги Республика мусиқага ихтисослашган академик лицейида “Озод ва обод Ватанга бахшида умр” мавзусида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти таваллудининг 80 йиллигига бағишланган бадиий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбир Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси билан ҳамкорликда ташкил қилинди. Унда В.Успенский номидаги Республика мусиқага ихтисослашган академик лицейи ўқитувчи ва ўқувчилари, таниқли мусиқачи ва бастакорлар, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастурга мувофиқ тадбир “Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси” деб номланган ҳужжатли фильм намойиши билан бошланди.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон мустақиллигини қўлга киритишга, миллий давлатчилигимизни қуришга  улкан ҳисса қўшган, шунингдек ўз Ватани, халқига бутун борлиғини бахшида этиб яшаган Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти мамлакатимиз ёшларини мустақилликка садоқат, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилишини қайд этдилар. Ислом Каримов ташаббуси билан “Таълим тўғрисида”ги, “Ёшлар сиёсати тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинди, ёшлар баркамол шахс сифатида тарбияланиши масалаларига катта эътибор  қаратилди.

Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, мамлакатимизнинг юзлаб ёш мусиқачилари кўплаб республика ва халқаро танлов ғолиблари ва совриндорлари ҳисобланади. Бу эса республикамизда мусиқа ва санъат ривожиига алоҳида эътибор берилаётганлиги, Биринчи Президентимизнинг “Фарзандларимиз биздан кўра билимли, кучли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт” деган ғояси ҳаётга татбиқ этилганининг ёрқин далилидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг таълим ва фан соҳасини ривожлантириш қисмида узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини давом эттириш, шунингдек болаларни мусиқа ҳамда санъатга жалб қилиш мақсадида янги болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш каби масалалар назарда тутилган.

Тадбир бадиий қисм билан якунланди. Халқаро танловлар ғолиблари ва иштирокчилари томонидан ўзбек халқ мусиқаси ва хорижий мусиқа намуналари ижро этилди.