“Маънавий ҳаётимизда уйғониш юз берди. Тарихни тикладик. Она тилимизни англадик. Улуғ боболаримиз руҳини шод этдик. Удумларимиз, қадриятларимизга қайтдик. Динга муносабатимиз ўзгарди. Ўртадаги тушунмовчилик, қарама-қаршилик йўқолди. Бунинг ўрнига ҳамкорлик, ҳамжиҳатликка ўтдик”.
Бу – Ўзбекистoн Pеспyбликaси Биринчи Пpезиденти Ислoм Kapимoвнинг 1992 йил 4 янвapдaги Олий Kенгaш нaвбaтдaн тaшқapи IX сессиясида қилган маърузасидан парча. Унда мустақилликнинг дастлабки тўрт ойида амалга оширилган ишлар таҳлил этилиб, Ўзбекистоннинг кейинги устувор йўли белгилаб берилган эди.
Эътибор қилинг – истиқлолга эришганига 120 кун бўлган, мамлакат атак-чечак қила бошлаган, вазифа, муаммо дегани тиқилиб ётибди – абгор иқтисодни ўнглаш, армияни шакллантириб, хавфсизликни асраш, ички ва ташқи сиёсат стратегиясини ишлаб чиқиш, таълиму тиббиётни йўлга тушириш... Шунча муаммо гирдоби аро, яна маънавият ҳақида ҳам қайғура олишга вақт топиш учун – одам нечоғли миллатни, ўзликни севиши керак эди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Президентининг 1994 йил 23 апрелдаги “Республика “Маънавият ва маърифат” жамоатчилик марказини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони, ўша йил 8 июнда эса ҳукуматнинг шу масала бўйича тегишли қарори қабул қилинди. Бугун у воқеаларга роппа-роса 30 йил тўлди.
Фармон билан, марказ учун пойтахтнинг қоқ ўртасидан бино ажратилди, миллий тафаккурни ривожлантириш, маънавият ва маърифатни янада камол топтиришга кўмаклашиш ниятида, “Тафаккур” номли журнални чоп этиш, ноширлик ишларини юритиш ҳуқуқи берилди. Мазкур журнал бугунги кунда ҳам Ўзбекистондаги маънавий жиҳатдан энг илиги тўқ, ҳар томонлама намунали нашрлардан бири ҳисобланади.
Ўтган йиллар давомида маънавият ва маърифат ривожи йўлида қилинган оламшумул ишларни санаб, адоғига етиб бўлмайди. Ҳаққоний тарихимизни тиклаб, юзлаб тарихий ёдгорликлар ва аждодларимизнинг улуғ номлари тикланганида ҳам, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” каби ҳужжатлар қабул қилинганида ҳам, иқтисодий янгиланишларда, ҳатто ҳарбий соҳадаги ислоҳотларда ҳам – маънавият, мафкура, ўзликни англаш каби жиҳатлар мудом назарда тутилди. Ислом Каримовнинг ўз ибораси билан айтганда, “ҳар қайси давлат, ҳар бир миллат нафақат ер ости ва ер усти табиий бойликлари билан, ҳарбий қудрати ва ишлаб чиқариш салоҳияти билан, балки биринчи навбатда ўзининг юксак маданияти ва маънавияти билан кучлидир”.
Адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов шундай хотирлаган эди: “1996 йил 4 сентябрь. Президент Ислом Каримов ҳузурида бир гуруҳ маънавият ва маърифат соҳаси вакиллари йиғилишди. Давлатимиз раҳбари сўз навбатини каминага берди. «Адабиёт шундай соҳаки!..» дея жумлани бошлаб улгурмасимдан, Президент шундоққина мен томон ўгирилди-да, «Яхши биламан, сиз дунё адабиётини севасиз, нима учун ўзбек ўқувчилари учун «Дунё адабиёти» деган журнал чиқармаслигимиз керак. Имконимиз бор-ку!» деди. Ўшанда у кишининг адабиётни, маънавиятни ғоят юксак даражада қадрлашига қайта-қайта амин бўлганман. Орадан кўп ўтмай, «Жаҳон адабиёти» журналининг илк сони босмадан чиқди”.
Бу каби мисоллар ва ёдномаларни яқин тарихимиздан юзлаб келтириш мумкин. Бир сўз билан айтганда, Ислом Каримов – вужуд-вужуди, қалби, борлиғи билан – маънавият ҳомийси эди. Унинг ўзи томонидан битилган “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида шундай сатрлар бор: “Ҳақиқий қаҳрамонлик – бу ҳар куни, ҳар соатда фидоий бўлиш, ўзини томчи ва томчи, заррама-зарра буюк мақсадлар сари чарчамай, толиқмай тинимсиз сафарбар этиб бориш, бу фазилатни доимий, кундалик фаолият мезонига айлантириш. Юксак маънавиятга эга бўлган халқ ҳеч кимга, ҳеч қачон қарам бўлмайди, ўзининг эзгу мақсадларига албатта етади”.
Маънавиятнинг – енгилмас куч, мафкуранинг эса – миллатни олға бошловчи маёқ экани – бугунги, янги Ўзбекистон шароитида ҳам ортса, ортдики, сира камайгани йўқ. Хусусан, 2017 йил 28 июлда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарорга имзо чекилди. Унга кўра, Республика Маънавият ва маърифат кенгашига – авваллари бўлганидек, Бош вазир эмас, бевосита Ўзбекистон Президентининг ўзи раислик қиладиган бўлди. Таббийки, шундан сўнг соҳага эътибор ва кўлам ҳам айни рутбага яраша бўлганини илғаш қийин эмас. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Чунки...
Келинг, бунинг изоҳи ўрнида ҳам, бугунги қайдларга хулоса сифатида ҳам Президент Ш.Мирзиёевнинг мана бу фикрларини келтирсак: “Тарихдан маълум: Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”.
Ф.Қурбонбоев олган суратлар