ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносиб нишонланмоқда


25.01.2018

Ватан равнақи, эл-юрт, одамлар манфаатини ўйлаб, эзгу мақсад йўлида фидойиларча хизмат қилганларнинг заҳматли меҳнати, азиз хотираси йиллар, асрлар ўтсада, унутилмайди. Аксинча, улар авлодлар томонидан миннатдорлик ила ёдга олинади, буюк хизматлари эътироф этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганлиги бунинг ёрқин исботидир.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 24 январь куни Хоразм вилоятида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича Ташкилий қўмита аъзолари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолияти хроникаси (Солнома)”, “Ёшлар бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучидир”, “Юксак маънавият-енгилмас куч”, “Президентга мактублар” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Давлетов Руслан Қуролтаевич сўзга чиқиб, буюк инсон Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳур Ўзбекистонимизга раҳбарлик қилган йилларда яратган буюк, ўлмас ва ғоятда қимматли асарларнинг мазмун ва моҳияти, давримиз учун қиммати ва аҳамияти масалаларига бағишлаганлигини чуқур самимият ва мамнуният билан таъкидлаб ўтди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда иштирокчилар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг юқорида номлари келтирилган китоблари бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

Адлия вазирлиги 
Ахборот хизмати