Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан мамлакатимизда биринчи маротаба Ўзбекистон миллий атласи нашр этилди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур илмий асарга бағишлаб ёзилган, “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ҲАҚИДАГИ ҚОМУСИЙ НАШР” сарлавхали сўз бошида:
“Мамлакатимизнинг таниқли олимлари ва малакали мутахассисларининг кўп йиллик илмий-ижодий меҳнати натижасида бу йўлда яна бир катта қадам ташланди – мустақил давлатимиз тарихида илк бор Ўзбекистон Миллий атласи таййёрланиб, нашр этилмоқда. Бу, ҳеч муболағасиз, ижтимоий-маданий ҳаётимиздаги муҳим воқеадир.
Бир сўз билан айтганда, чуқур илмий таҳлил асосида яратилган ушбу қомусий асар – Миллий атлас орқали кўп сонли китобхонлар, айниқса, хорижлик саййёҳ ва инвесторлар Ўзбекистоннинг табиий бойликлари, бугунги тараққиёти ва истиқболдаги ривожланиш имкониятлари тўғрисида кенг тушунча ва тасаввурларга эга бўлишади. Ҳозирги кунда мамлакатимиз “Янги Ўзбекистон” деган ном билан бутун дунёда ўзининг янги, демократик қиёфаси, улкан имкониятларини намоён қилаётган бир пайтда бу жуда муҳимдир” деган пурмаъно фикр ифода этилган.
Миллий атлас 416 та харитани ўзида жамлаган 2 та жилддан иборат фундаментал илмий-картографик асар бўлиб, унда Ўзбекистон Республикасининг маъмурий чегарасига кирувчи барча ҳудудларнинг табиий-географик ўрни ва умумий хусусиятлари, табиий шароити ва табиий ресурслари, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, аҳолиси, ижтимоий ва иқтисодиёт соҳалари ҳамда тарихига оид маълумотлар мужассамлашган.
Ўзбекистон Миллий атласини яратишдан кўзланган асосий мақсад атласда жамланган маълумотлар давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, тадбиркорлик субъектлари ва Ўзбекистон Республикаси ҳамда чет эл фуқароларини давлат тўғрисидаги расмий ва умумэътироф этилган илмий маълумотлар тизими билан таништиради.
Шунингдек, илмий тадқиқотлар олиб боришга, келажак авлодларга Ўзбекистоннинг тарихи ва бугунги кундаги географияси, табиати, табиий ресурслари, аҳолиси, ижтимоий соҳалари, иқтисодиёти, экологик ҳолати ва маданияти тўғрисидаги маълумотларни етказиш, картографик шаклда Ўзбекистоннинг ҳудуди, унинг маъмурий-ҳудудий тузилиши, иқтисодий, маданий, тарихий, экологик, таълим ва бошқа аҳамиятга эга бўлган умумдавлат ва минтақавий дастурларни ишлаб чиқаришда керакли маълумотларни тақдим этишга хизмат қилади.
Миллий атласнинг электрон варианти ҳам яратилган. Ҳозирча Миллий атласимиз фақат ўзбек тилида чоп этилган. Келгуси йилда рус, инглиз тилига таржима қилинади.