"Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" деб эълон қилинган 2019 йилда Давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатиб ўтилган мазкур йўналишдаги улкан режалар ва муҳим вазифалардан келиб чиқиб, ёшларга муносиб таълим бериш, илмий ва ўқув жараёнлари сифатини тубдан яхшилашга қаратилган ишлар ҳам янги босқичда давом эттирилмоқда.
Табиийки, бу жараён узоқ муддатли бўлиб, унинг самарасини кўриш учун йиллар талаб этилади. Ўз вақтида буюк Эйнштейн «Ўтин ёрувчига ҳавасим келади. У ўз меҳнати маҳсулини ўша заҳотиёқ кўра олади», деганида чуқур маъно бор. Яъни, фан ва таълим кўп йиллик машаққатли меҳнат ва изланишлар эвазига тараққий топадиган мураккаб соҳа.
Бошқа омиллар қаторида, халқаро миқёсда, соҳада эришилган илғор ва замонавий, креатив усулларни чуқур ўрганиб, энг мақбулларини мамлакатимиз таълим тизимига татбиқ этиш устувор аҳамиятга эга.
Шу жиҳатдан, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети билан Кореянинг бир қатор университетлари ҳамкорлигида ташкил этилган, «Осиё қадриятларини қайта кашф этиш» мавзуидаги халқаро медиа конференцияни долзарб аҳамиятга молик анжуман сифатида баҳолаш мумкин.
Тошкентда ўтказилган конференция иштирокчилари – Кореянинг Сувон, Сунгкьюнкван, Юнгсан, Хонам каби бир қатор университетлари профессор-ўқитувчилари, 19 февраль куни Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрдилар.
Меҳмонлар Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳайкали пойига гуллар қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.
«Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмасида меҳмонларга Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна ҳамроҳлик қилди. Кореялик олимлар дўстона ва самимий қабул учун Татьяна Каримовага ҳамда Ёдгорлик мажмуаси ходимларига чуқур миннатдорлик билдирдилар. «Куни кеча Самарқандга бориб, Ҳазрати Хизр мақбарасини ҳам кўздан кечирдик. Таассуротларга бой зиёрат бўлди. Бугун эса, Оқсаройга ташриф буюрганимиздан беҳад мамнунмиз. Назаримизда шинам ва истарали, ниҳоятда саришта мана шу боғ, ҳеч муболағасиз, дунёдаги энг гўзал масканлардан биридир. Бу ердаги манзарадан ҳайратдамиз», дея кореялик меҳмонлар ўз таассуротларини фахрий меҳмонлар китобига битилган дастхатда ифода этдилар.
Меҳмонларга «Ислом Каримов – Мустақил Ўзбекистон асосчиси» хотира китоби, кўргазма каталоги ҳамда ёдгорлик мажмуаси фаолиятига доир бошқа нашрлар совға қилинди.