ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ЎТМИШ БИЛАН КЕЛАЖАКНИ БОҒЛОВЧИ КЎПРИК


11.09.2025

Буюк сиёсатчи, советлар имперяси харобалари устида янги давлатни барпо этган, чорак аср ичида саробдек кўринган орзуни хақиқатга айлантирган беназир шахс – Ислом Каримов феномени, мутахассисларнинг фикрича чуқур ва давомли тадқиқотларга лойиқ.

Унинг номи билан аталувчи Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида эса, ана шундай изланишларнинг самарали ва шаффоф бўлишини таъминлаш имкониятлари яратилган. Булар илмий марказ, кутубхона ва кўргазмалар залидир.

Шу боис, мажмуага ташриф буюрувчилар орасида Ислом Каримовнинг бой маънавий меросини ўрганишга катта қизиқиш билдираётган илм-фан сохаси вакилларини кўплаб учратиш мумкин.

Бу гал мажмуага Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш минтақавий Марказидан – олий ўқув юртлари қошидаги академик лицейларнинг тарих фани ўқитувчилари ташриф буюришди. Улар мажмуа фаолияти, “Оқсарой” тарихи, “Кўргазмалар зали” ҳамда Ислом Каримов номидаги кутубхона фаолияти билан яқиндан танишдилар. 

“ Мен Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейида тарих фанидан дарс бераман. Ўқувчиларим бўлғуси Ватан ҳимоячилари. Бугунги ташрифим менда катта таассурот қолдирди ва келгусидаги режаларимга аниқлик киритди. Бу ерга албатта ўқувчиларимни олиб келаман. Мустақил Ўзбекистон тарихини, бу давр билан боғлиқ жараёнларни янада чуқурроқ ўрганиб, теранроқ англашлари учун. Ватанпарварлик ва жасоратнинг асл моҳиятини тушуниш учун Биринчи Президентнинг ҳаёти ва фаолияти уларга ибрат бўлиши керак”, дея ўз мулохазаларини баён этди суҳбатдошимиз Феруз Ахмедов.

Меҳмоннинг таъкидлашича, бундан буён мазкур кутубхонага доимий тарзда келиб туришни режалаштирган. Унинг илмий иши: “Ўзбекистоннинг миллий барқарорлигини таъминлашда сиёсий коммуникацияларнинг роли” мавзусида экан. Феруз Ахмедовнинг фикрига қараганда, айнан шу ерда у ўзининг тадқиқотларини ноёб фактлар билан бойитиши мумкин.

Ташриф якунида меҳмонлар учун “ЎЛКА ТАРИХИ” номли анимацион фильм намойиш этилди. Тарихчилар учун бу кутилмаган совға бўлди.

Ҳаётнинг ўзи кўз илғамас меъёрлар билан вақтни чегаралаб қўйган: ўтмиш, бугунги кун, келажак... Бироқ шундай шахслар борки, улар хақида фикр юритганда мазкур ўлчовлар чекинади. Биз учун Ислом Каримов абадиятга дахлдор буюклар қаторидан муносиб ўрин эгаллаб бўлган.





Темур Қурбонбоев фотосуратлари