ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Асакадаги автомобиль заводига Ислом Каримов номи берилди ва кўргазма-музей иш бошлади


07.12.2017

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Асака шаҳридаги автомобиль заводига Ислом Каримов номи берилди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида ёдгорлик мажмуасини барпо этиш лойиҳаси тайёрланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги билан келишилган ҳолда қисқа вақт ичида завод ҳудудида Ислом Каримов ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. 6 декабрь куни ана шу мажмуанинг очилиш маросими ўтказилди. Шу куннинг ўзида заводда доимий равишда фаолият юритадиган «Ислом Каримов ва Ўзбекистонда автомобиль саноатининг ривожи» кўргазма-музей иш бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон учун мутлақо янги бўлган соҳа – автомобилсозлик саноатига асос солиши ва уни ривожлантириш ташаббусининг ҳаётга татбиқ этилгани Истиқлол солномасидаги муҳим саҳифаларидан бири бўлиб қолди. Асака автомобиль заводига асос солинишида унинг ўзи бевосита иштирок этганди.

Бугун ушбу автомобиль заводи Ўзбекистоннинг етакчи саноат корхоналаридан бири саналади. Асака автомобиль заводига Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти номи берилиши – барча ходимларга ифтихор туйғусини бағишлади.