Кўнгил маъюс тортди йилнинг сўнггида,
Билмам, ниманг билан сеҳрладинг, қор.
Бугун куппа-кундуз кўзим ўнгида,
Яна бир ёшимни ўғирладинг, қор...
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
...Ростдан ҳам куппа-кундуз куни яна бир ёшимизни “ўғирлайдиган”, соддалик ўрнини теранлик, болаларча маъсумият ўрнини салмоқдор жиддият эгаллай бормоғи тайин бўлган байрамни шунчалар шодумонлик билан нишонлаш нечун? Жавоб аниқ: ўша хуррамлик, ўша қувончнинг бош сабаби – бу айём умрнинг янги, тоза бир саҳифасини очмоқ умидидаги бандасининг яхши ниятларига туртки беришида, одам зотини худди кўкдан тушаётган қор парчалари каби оппоқ орзуларга ошно қилишида. Умидли дунё-да барибир бу.
Бу айёмнинг яна бир хислати бор – у сарҳисобга ундайди. Йил давомида қилган, улгура олган ишларинг бўйича ўз-ўзингга ҳисоб бериб, кейинги қадамларинг, тадбирларингни чамаи-чўт қиласан, истагу имконингни бир-бирига чоғиштириб, режа оласан.
Шу мантиқдан келиб чиқсак, биз ҳам ўтиб бораётган 2025 йилда имкон қадар ва энг асосийси, Мажмуага юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, буюк инсон, мустақиллигимиз асосчиси, Биринчи Президент хотираси ва меросини тарғиб этиш бўйича муайян ишларни қилдик, дея айта оламиз. Такрорлаб нима қилдик – ҳамма тафсилот шу сайтнинг ўзида кафтдек намоён. Ҳарҳолда бир ҳақиқатни дангал айта оламиз – не тадбир қилган бўлсак ҳам, не ёзган, нашр қилган бўлсак ҳам, бурч ва садоқат, ҳақиқат ва масъулият, Ислом Каримовнинг ўзи тириклигида кўп бор такрорлаган – инсоф ва иймон, қолаверса, арвоҳ хотираси деган тушунчалар, чегаралардан бир одим ҳам четга чиқмадик. Ҳарҳолда, бу борада виждон пок. Қолгани – ютуқ ҳам, ютқизиқ ҳам ўзимизники.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Ҳа-я, ҳукмингизга ҳавола қилинаётган ҳозирги сувратлар – қишнинг, еру кўкни, шу жумладан, Оқсарой ва унинг атрофини қуршаб олган оппоқ қор манзараларини кўриб, Сиз-да бир зумга умрнинг ҳам ўз фасллари – сўлим баҳори, саховатли ёзу тийрамоҳи, ва табиийки, сокин қаҳратони бўлмоғи тўғрисидаги ўй-хаёлларга борган бўлишингиз табиий. Не тонгким, худди келишиб олгандек, сувратларда Оқсарой ҳам, қор ҳам, хотиралар ҳам – оқ, оппоқ... Дарвоқе, яна бир ҳақиқат бор: қор ёғиб, излар босилгани билан, эртага яна баҳор келганида, чечаклар қайтадан гул очиши, новдаларга ҳаёт бахш этилмоғи ҳам тайин. Бугун эса...
Бугун эса фақат орзулар қиламиз – қордек оппоқ, бамисли қиш ҳавосидек мусаффо туйғулар асосига қурилади улар. Уларда бадбин ниятлар бўлмайди, уларда ҳасад бўлмайди, уларда Қоработирлару Ялмоғизларга ўрин бўлмайди.
Ахир ҳазилакам гапми, яна бир залворлик йилни ортда қолдириб, янги, покдомон орзу-умидларга тўлиқ йил келмоқда. Бу ёғига, бошида парча келтирганимиз – шоирнинг маҳзун ва ҳузурбахш шеъридаги мисралардан орттириб бирор нима дейишимиз душвор:
Янги йил, келавер қандай келсанг ҳам,
Кимлар етди сенга, кимлар етмади.
Сен янги йўлдошсан, сен янги ҳамдам,
Йўқлаб келганингни ўзи бир байрам.
Қулоғингга бир гап айтайми, энди,
Кечаги ёшлигим эртакми, энди...
Янги, оппоқ орзулар қанотида келадиган 2026 йилингиз муборак бўлсин!
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Ф.Қурбонбоев ва Т.Қурбонбоев фотосуратлари
.jpg)
.jpg)
.jpg)


















