25 август куни Ёдгорлик мажмуасида буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, халқимизнинг азиз ва ардоқли фарзанди Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасига бағишланган “Она Ватанга бахшида умр” деб номланган online-китоб конференция бўлди.
Конференцияни Ёдгорлик мажмуа кутубхонаси мудири Дилором Шукурова кириш сўзи билан очиб, мажмуа кутубхонаси фаолияти, ундаги асарлар ҳақида гапирди. Айни пайтда кутубхонада китоб жамғармаси 60 минг нусхага яқинлашгани, жамғармада Биринчи Президентимиз Ислом Каримов асарлари, у кишининг ҳаёти ва фаолиятига оид илмий ва бадиий адабиётлар билан бирга йирик тарихчи, файласуф ва сиёсатшунос олимларнинг ноёб асарлари ҳам мавжудлиги, бундан ташқари, кутубхона фондида Биринчи Президентнинг хорижий давлатларга қилган расмий сафарлари чоғида Ислом Каримовга совға қилинган китоблар ҳам ўрин олганини таъкидлади.
Ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темур Ширинов конференцияда сўзлаб, шундай деди: “Шахснинг камолга етишувида китобнинг роли беқиёсдир. Зеро, Ўзбекистоннинг Биринчи раҳбари Ислом Каримовнинг кучли шахс бўлиб шаклланишида унинг билим ва қатъияти муҳим аҳамият касб этади. Ислом Каримовнинг жасорати билан юртимиз мустақилликка эришди ва ўз тараққиёт йўлида улкан муваффақиятларни қўлга киритди. Ёш давлатимиз учун ғоят мураккаб ва масъулиятли даврда вазият беқарорлашувининг олди олингани ва халқимизнинг уруш даҳшатларини кўрмасдан эсон-омон ўтиши бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқ, чунки, мустақиллик ҳеч қайси халқ, ҳеч қайси миллат тарихида осонлик билан қўлга киритилган эмас”.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримованинг хотирлашича, Ислом Абдуғаниевич Каримов жуда кўп китоб ўқиганлар. Китоб ўқиш уларнинг энг севимли машғулотларидан бири бўлган. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг севимли асарлари жумласига Амир Темурнинг “Темур тузуклари”, Имом ал-Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ҳадислар тўплами, Конфуцийнинг “Ҳикматлар”и, Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романи, Теодор Драйзернинг “Молиячи”, “Титан ва Матонатли” трилогияси, Эрнест Ҳемингуэйнинг “Чол ва денгиз”, “Қўнғироқ кимни чорлаяпти” романлари, Валентин Пикулнинг “Сўз ва иш” романи, Жеймс Макгрегор Бернснинг “Франклин Рузвельт. Инсон ва сиёсатчи” асари, В.Г.Трухановскийнинг “Уинстон Черчилль: сиёсий биография” асари, Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат”, “Оқ кема” ва “Кассандра тамғаси” каби асарлари кирган.
Конференция ишида Россия Федерациясининг Давлат илмий-техника кутубхонасининг халқаро алоқалар бўйича директор муовини Е.Пшеничная, Тошкент шаҳар “Билим” кутубхонаси мудири Х.Каримова, ижтимоий тармоқлардаги “Биз Ислом Каримов фарзандларимиз” ҳамда “Менинг Биринчи Президентим” каби саҳифалар муаллифи И.Абдужабборовлар Биринчи Президентимизни хотирлашди ва бу борада амалга ошираётган ишлари ҳақида сўзладилар.
Конференцияда Ислом Каримов фаолиятига оид ҳужжатли фильм ҳам тақдим этилди. Фильмда Ислом Каримовнинг Ўзбекистон давлати ва давлатчилигини барпо этгани, демократик фуқаролик жамияти қуриш асосларини яратгани, айниқса, миллий ўзликни тиклаш ва бу ғояни халқ онги ва қалбига сингдириш борасида амалга оширган ишлари ҳикоя қилинади.
Фарход Курбонбоев олган суратлар