ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

НОЁБ НАШР


17.06.2025

Ислом Каримов номидаги кутубхона фонди реставрация қилинган яна бир ноёб нашр билан бойиди. Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси мутахассислари томонидан 1896 йилда Санкт-Петербург шаҳрида нашр этилган “Император Эрмитажидаги мусулмон тангаларининг инвентар каталоги” (“Инвентарный каталог мусульманских монет Императорского Эрмитажа”) китоби қайтадан тикланди. Мазкур нашр XIX асрда чоп этилган 100 та нусхадан 78-си ҳисобланади. Каталог нумизматик нуқтаи назардан ғоят аҳамиятли ҳисобланиб, унда ўша даврда Шарқ ва мусулмон мамлакатларида зарб этилган 20 мингдан ортиқ танга ва медаллар тавсифи берилган.

Қимматбаҳо китоб аввалига князь Романовнинг Тошкентдаги шахсий кутубхонасида сақланган, сўнгроқ Туркистон миллий музейи, яъни ҳозирги Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилган. Ёдгорлик мажмуаси кутубхонаси ташкил этилганда эса, кўплаб соҳавий кўҳна китоблар қатори ушбу муассасага тақдим қилинган.

Ёдгорлик мажмуаси реставраторлари даставвал 872 саҳифадан иборат бу нашрни экспертизадан ўтказишди, архив материаллари синчиклаб ўрганилди. Кимёвий элементлар қўшилмаган ҳолда, табиий қоғозда, литография усулида тайёрланган каталог – реставрациянинг энг самарали технологиялари ҳамда юқори профессионал маҳоратни талаб қиларди. Китобнинг моҳирона янгиланган муқоваси ва ички қисми уни аслидагидек қиёфага қайтарди.

Шундай қилиб, мазкур нодир нашр Ислом Каримов номидаги кутубхонанинг бой китоб фондидаги минглаб нашрлар орасида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади.

Т.Қурбонбоев фотосуратлари