ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

УНУТИЛМАС УЧРАШУВЛАР


10.06.2026

Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети доценти Зулфия Тўхтахўжаева – мустақилликнинг илк йилларида Ислом Каримов билан ҳамкорликда ишлаган инглиз тили таржимонларидан бири эди. “Хорижий делегациялар вакиллари – Биринчи Президентимизнинг заковати, узоқни кўра билиши, масалага хайрихоҳлик билан ёндашувидан ҳайратланиб, юксак баҳо беришларини кўп бор эшитганман...”. Бу сўзлар унинг “Ислом Каримов – мустақил давлат асосчиси” хотира китобидаги эсдаликларидан парча.

Мазкур китобнинг ўзи эса таржимонга – Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташрифи чоғида, мажмуа Васийлик кенгаши аъзоси, Биринчи Президент рафиқаси Татяна Каримова ҳамда мажмуа раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Темур Ширинов билан ўтган самимий учрашув чоғида туҳфа қилинди.

“Мени бу ерга бошлаб келган нарса, аввало, улуғ зот хотирасига бўлган эҳтиром, қолаверса, истиқлолнинг илк йилларида рўй берган унутилмас воқеаларни яна бир бор ёдга олиш истаги бўлди. Ҳозир ўйлаб қарасам, мамлакат мустақиллик йўлига эндигина қадам қўйган, дунёга очила бошлаган, айни кезда ўта мушкул йиллар эди у. Лекин Ўзбекистоннинг бахтига – унинг кучли, мамлакатнинг буюк келажагига ишонган ва бу ишончни бошқаларга ҳам юқтира олган қатъиятли раҳбари бор эди”, – дейди меҳмон ўз хотиралари билан ўртоқлашаркан.

Зулфия Тўхтахўжаева сўзида давом этаркан, Биринчи Президент унинг ёдида – ёш, келишган, бенуқсон дидга ва улкан харизмага эга, ҳар қандай суҳбатдошининг эътиборини керакли ўзанга буриб юборишга қодир бўлган кучли инсон сифатида қолганини таъкидлайди. “Ўша йиллар – энг фаол ва самарали, айни чоғда бахтли меҳнат даврларим эди, - дейди у.

Мутахассислиги бўйича педагог бўлган меҳмонимиз бугунги кунда ҳам университет талабаларига ўзининг таржимонлик мактабидан сабоқ бериб, Янги Ўзбекистондаги фаол халқаро муносабатлар соҳасида ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариш учун мисли кўрилмаган имкониятларга эга бўлган ёшларга тўғри йўл кўрсатмоқда.

Биринчи Президентимиз сиймосини янада тўлиқроқ очиб берган – бадиий асарлар, рассомлик ва ҳайкалтарошлик намуналари, фотоархив билан тўла – “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмаси билан танишув ҳам меҳмонда ғоят илиқ ва унутилмас таасурот қолдирди.

Т.Қурбонбоев фотосуратлари