ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Наврўз – қадим қадриятлар таровати


19.03.2021

Ислом Каримов ташаббуси ва жасорати билан ҳали мустабид тузум ҳукмрон бўлиб турган даврда Наврўз байрами қайта тикланди. Президентимизнинг 1990 йил 3 майдаги фармонига мувофиқ Наврўз умумхалқ байрами, 21 март дам олиш куни, деб эълон қилинди. 1991 йил 12 февраль куни эса Республикада Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш ҳақида ЎзССР Президенти Ислом Каримовнинг Фармони эълон қилинди.

Ўтган йилларда Наврўз мазмунан янада бойиди, халқимизнинг қадим маданияти, эзгу фазилатлари тимсолига айланди.

Ниҳоят қанча-қанча замон бўҳронларидан омон ўтган Наврўз Ватанимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлана бошлади.

 

Асрлар қаъридан омон чиқиб келган байрам замирида халқимизнинг қадимий урф-одатлари, миллий анъаналари, қадриятлари мужассам бўлиб, улар қайта тикланиб, янгича тус олди.

Наврўз байрами кўҳна байрам саналади. Олимларнинг таъкидлашича, бу байрамнинг тарихи қарийб 4-4,5 минг йилга тенг.

Наврўз асосан баҳорий тенг кунлик 21-22 мартдан бошлаб нишонланган ва бир ҳафта, ўн кун, ҳатто, баъзи жойларда бир ойгача давом этган.

Тарихда Наврўзга муносабат доимо бир хил бўлиб келмаган. Турли даврларда Наврўз байрамига у ё бу даражада тазйиқлар бўлган. Собиқ Иттифоқ даврида Наврўзни байрам сифатида расман нишонлаш тақиқлаб қўйилган. Наврўз байрамига қарши ҳаракатлар миллий маданиятларни қоралаш ва чеклашга қаратилган тадбирларнинг бири эди.

Йиллар ўтиб, Наврўз байрамининг мақоми ва нуфузи халқаро даражада юксалиб, бу айём умумжаҳон байрамлари қаторидан ўрин эгаллашини тасаввур қилиш мумкинмиди? Ислом Каримов Наврўзнинг маънавий аҳамиятини, тарбиявий ролини унинг фалсафасини чуқур англагани боис ҳам бу масалага жиддий қараган.

Ислом Каримов ташаббуси ва жасорати билан ҳали мустабид тузум ҳукмрон бўлиб турган даврда Наврўз байрами қайта тикланди. 

Йиллар ўтиб, Наврўз байрамининг мақоми ва нуфузи халқаро даражада юксалиб, бу айём умумжаҳон байрамлари қаторидан ўрин эгаллашини тасаввур қилиш мумкинмиди? Ислом Каримов Наврўзнинг маънавий аҳамиятини, тарбиявий ролини унинг фалсафасини чуқур англагани боис ҳам бу масалага жиддий қараган.

2009 йилнинг 30 сентябрь куни Наврўз ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган эди.

2010 йилнинг 19 февраль куни БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессияси 21 мартни “Халқаро Наврўз куни” сифатида нишонлаш тўғрисидаги қарорни бир овоздан қабул қилди. Қабул қилинган резолюцияда мазкур байрам маданиятлароро мулоқот ва ўзаро тушунишни рағбатлантириши таъкидланади. Шу тариқа Наврўз бирор бир миллат ёки маданиятнинг байрами сифатида эмас, балки бутун инсоният меросининг бир қисми сифатида нишонланмоқда.

 

 

 «Янгиланиш ва эзгулик тимсоли бўлган Наврўз фалсафаси халқимизга мансуб одамийлик, меҳр-оқибат, мурувват ва ҳикмат каби юксак хусусиятлардан озиқланиб келгани, аждодларимиз асрлар давомида қандай буюк умуминсоний ғоялардан баҳраманд бўлиб, маънавий камол топганининг яна бир тасдиғидир, десак ҳеч қандай хато бўлмайди», деган эди Ислом Каримов.

Мамлакатимиз Биринчи Президентининг «2014 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарорида таъкидлаб ўтилганидек, «Халқимиз учун шарқона янги йилнинг бошланиши, энг қадимий, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўз айёмини марказда ва жойларда ҳар томонлама пухта тайёргарлик билан кутиб олиш ва нишонлаш мамлакатимизда эзгу анъанага айланиб қолди».

Наврўз – халқимизнинг яратувчанлик меҳнати билан боғлиқ, орзу-умидларини куйлаган, унинг турмуш тарзи, маънавияти, миллий руҳини халқ ижоди усули ва услублари ёрдамида тараннум этган, халқимизинг бой миллий санъатини, урф-одатларини ўзида сақлаган байрамдир. Наврўз – қут-барака, ризқ-рўз, расм-русумлар, урф-одат ва анъаналар байрамидир.

Ф.Курбанбаев олган суратлар