28 август куни Ёдгорлик мажмуасида «Каримов ўқишлари: Мустақиллик рамзлари» мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.
Анжуман қатнашчилари куни кеча иш бошлаган Ислом Каримов кутубхонасини кўздан кечирдилар.
Конференция модератори-Ёдгорлик мажмуаси раҳбари, профессор Темур Ширинов конференциянинг мақсад ва вазифалари тўғрисида тўлиқ ахборот берди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ўзининг кириш сўзида: «Ёш авлоднинг Давлат рамзларига ҳурмат билан қараши, йигит-қизларда мамлакатимиздаги жараёнларга нисбатан дахлдорлик туйғусини кучайтириб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлайди», дея таъкидлади.
Анжуманда «Давлат рамзлари қадриятларимиздир», «Улуғ устоз», «Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлашда Ислом Каримовнинг ташқи сиёсий ташаббуслари», «Бағрикенглик – Мустақил Ўзбекистон Республикасининг этник сиёсати рамзи сифатида», «Миллий қадриятлар ва анъаналарнинг тикланиши» мавзусидаги маърузаларга ўрин ажратилди.