ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

НАМУНАЛИ МУНОСАБАТЛАР


17.11.2025

“Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари намунали тус олди”, - дейилади 17 ноябрь куни Кўксарой қароргоҳида – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда мамлакатимизга давлат ташрифи билан келган Туркманистон Президенти ўртасида ўтган музокаралар чоғида. Дарҳақиқат, маданий ва тарихий илдизларимиз муштарак қўшни давлат билан барча соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.

Мустақиллик йилларида ўзгача мазмун ва равнақ топган алоқалар бугун  янада янги поғонага кўтарилди. Тошкент шаҳрида Махтумқули номидаги кўча, унинг барельефи акс етган ёдгорлик, шунингдек, дўст Туркманистон рамзларини акс эттирувчи “Ашхобод” боғининг очилиши бунга ёрқин мисолдир. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига Туркманистонда ёдгорлик мажмуаси очилиб, марказий кўчалардан бирига унинг номи берилган.

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасининг бу галги меҳмонлари – Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олаётган туркман ёшлари бўлгани ҳам чуқур рамзий маънога эга. Миллий кийим-бошлари ўзларига ғоят ярашиб турган ёш йигит-қизлар “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмасидаги – мустақил давлат асосчиси Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти, хусусан, Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришдаги улкан хизматлари акс этган фотосуратлар, ҳужжатлар ва санъат асарлари билан яқиндан танишишди.

Икки қардош мамлакат халқлари ўртасидаги муносабатлар истиқболи учун – эртамиз эгалари бўлмиш ёш авлод қалбида пайдо бўлган илиқлик ғоят муҳим ўрин тутади. Туркманистонлик ёшлар эса мажмуани ёрқин таассуротлар, кўплаб фойдали маълумотлар билан ва энг муҳими, ҳайратларга ошно бўлиб тарк этишди.

Темур Қурбонбоев фотосуратлари