ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“МУТАФАККИРЛАРНИНГ МУТАФАККИРИ”


09.02.2026

“Бу гулшан ичраки, йўқдур бақо гулига сабот,

Ажаб саодат эрур, чиқса яхшилик била от”.

Шеърият мулкининг султони, ҳазрат Алишер Навоий қаламига мансуб ушбу мисралар, салкам олти асрки, тинчликсевар мардум учун бамисли бир маёқдек, йўлчи юлдуздек бўлиб, шуурларни ёритиб келмоқда. Навоийнинг буюк даҳоси биз учун беш юз йил, юз  йил аввал қандоқ намуна бўлган бўлса, ҳозир ҳам аҳамияти сира пасайгани йўқ.

Дарвоқе, мустақиллигимизнинг илк йили, яъни 1991 йил – “Алишер Навоий” йили бўлиб, илк муҳташам ҳайкал ҳам ҳазратга ўрнатилгани билан тарихга муҳрланган. Кейинчалик Самарқанд ва Навоий шаҳарларида буюк аждодимизнинг ҳайкаллари қад ростлади, пойтахтда Ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилиб, у ҳам Алишер Навоий номи билан аталди. Айни дамда пойтахтдаги метро бекати, Республикамизнинг ҳар бир йирик шаҳридаги кўча ва хиёбонлар, боғ ва сайилгоҳлар, кутубхоналар шу ном билан аталади.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг мана бу сўзлари ҳам, неча йиллар ўтса-да, аҳамиятини сираям йўқотгани йўқ: “Агар бу зотни авлиё десак, у – авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак – мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак – шоирларнинг султонидир. Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади”.

Бугунги болалар, ёшлар ҳазрат Навоийни фақатгина шоир, мутафаккир ёки давлат арбоби деб билади, холос. У зотнинг забардаст саховатпеша бўлганлари эса алоҳида тарих. Биз бугун одатдагидек, ғазаллари шарҳи-ю, ёзган асарлари салмоғини баён қилмасдан, шу жиҳатгагина эътибор қаратсак ҳам, ул зотнинг нақадар буюк шахс бўлгани ойдинлашади.

Ҳазратнинг ўз даромадлари ҳисобидан – Ҳиротда “Ихлосия”, “Шифоия”, “Низомия” мадрасаларини, “Халосия” хонақоҳини ва яна бир қанча масжидларни; Марвда “Хисравия” мадрасасини қурдирганлари; Фаридуддин Аттор қабрига мақбара ўрнаттирганлари, 9 та ҳаммом, 20 та ҳовуз, 90 та работ барпо эттирганлари маълум. Қурдирган тўғонларининг аниқ ҳисоби йўқ, халқ учун нақ 300 та иншоотни ўз ҳисобларидан барпо эттирганлар.

Навоий ҳазратларининг халққа жабр бўлмасин дея, бутун бошли Ҳирот аҳлига солинган солиқни бир неча бор ўз ҳисобларидан тўлаб берганларига бир эмас, бир нечта тарихчилар ўз асарлари орқали гувоҳлик беришади. Манбаларга кўра, мадрасаларнинг нақ 12 минг нафар талабаси тўлиқ Навоий ҳазратнинг таъминотида бўлган, яъни у зот бу талабаларнинг мавсумий кийим-кечагидан тортиб, ўқув қуролларию озиқ-овқатига қадар ўз зиммаларига олган ва яна уларга стипендия ҳам жорий қилганлар. Бу мадрасаларнинг ўқув хоналарию ётоқхона жиҳозлари, ҳатто шамга қадар Навоийнинг ҳисобидан бўлган. Муаррих Хондамир ҳар ойда бу мадрасаларга ҳазрат томонидан ун, нон, ширинлик, чой ва бошқа озиқ-овқатлардан ташқари, (ҳозирги ҳисобда) 3 тонна гўшт ҳадя этилганини ёзади.

Яна шу тарихчимизнинг ёзишича, Алишербек ҳазратлари ҳар йил бошида минг нафар камбағалга бошдан оёқ сарпо ҳадя этишни одатга айлантирганлар.

Ҳазрат Навоий Халосия хонақоҳида ҳар куни мингдан ортиқ фақирлар учун овқат пиширтириб тарқаттирар эканлар. Яна у зот ҳар йили муҳтож-мискинларга икки мингта пўстин, яна шунча чакмон, дўппию салла, кўйлак-лозим, пойабзаллар улашишни канда қилмаганлар.

Машҳад шаҳридаги Имом Ризо боғида эса Дор-ул-ҳуффо номли иморат барпо қилдириб,  у ерда ҳам ҳар куни  камбағаллар, муҳтожлар, касалмандлар, етим-есирларга уч маҳал овқат тарқаттирган эканлар. Маълумотларга кўра, Дор-ул-ҳуффода ҳар куни мингга яқин фақирнинг қорни тўяр экан.

Ҳусайн Бойқаро салтанатини неча марталаб ўз дипломатияси ва оқилона тадбирлари билан шармандаликлардан, таназзуллардан сақлаб қолган ҳам ҳазрат Навоий эдилар.

Шундоқ зотнинг таваллуд топганига бугун роппа-роса 585 йил тўлди. Аслида миллий байрам бўлишга арзигулик кун бу. Улуғ мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг бой маънавий ва адабий мероси асрлар оша ўз қимматини йўқотмай, бутун инсоният қалбига эзгулик, инсонпарварлик, саховат ва меҳр-мурувват ғояларини улашиб келмоқда. Унинг бебаҳо асарлари ёш авлодни маънавий камолга етказишда муҳим аҳамият касб этади.

Навоий ижодига қизиқиш ва уни тадқиқ этиш фақат юртимизда эмас, хорижда ҳам муттасил давом этмоқда. Европада биринчи бўлиб Навоий асарларини француз олимлари ўрганганини кўрамиз. Дунёга машҳур Париж миллий кутубхонасида Навоий асарларининг 42 та қўлёзма нусхаси сақланади. Бундан ташқари бу асарлардан Германияда 88, Финляндияда 27, Чехияда 11, Швейцарияда 13, Эстонияда 8, Россияда 94 нусхада сақланмоқда. Бугунги кунда АҚШ, Канада, Япония каби ва бошқа давлатларда ҳам Навоий асарларига қизиқиш ва илмий тадқиқот ишлари ортиб бормоқда. Туркияда эса табиийки, туркий адабиётнинг энг буюк вакилларидан бири сифатида, фанда махсус навоийшунослик йўналиши ҳам бор. Шоир айтмоқчи,  “Темур тиғи етмаган жойни қалам билан олди Алишер”.

Буюк даҳолар тарихнинг туб бурилиш нуқталарида, миллат бирлашмоғи, руҳан юксалмоғи шарт бўлган паллада дунёга келади. Алишер Навоий худди ана шу даврда яшади. Бугун шоир сўзлари Янги Ўзбекистон бўйлаб, бутун дунё бўйлаб ўзининг юксак парвозини давом эттирмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Жонажон Ватанимиз “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида тараққиётнинг бутунлай янги босқичига қадам қўйиб, янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган бугунги кунда Алишер Навоийнинг безавол адабий мероси мисолида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда”.

Демак, шоир даҳоси яна асрлар ўтса-да, боқий бўлиб қолаверади.

Ф.Қурбонбоев фотосуратлари