Бундан роппа-роса 33 йил муқаддам Ўзбекистон мустақиллиги тарихидаги дастлабки – энг муҳим сиёсий жараёнлардан бири содир бўлган эди. Аниқроғи, 1991 йилнинг 29 декабрида, Ўзбекистонда илк бор муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида ғалаба қозонган Ислом Каримов – 1992 йил 4 январь куни Президентлик қасамёдини қабул қилиб, расман ўз лавозимига киришган.
Шу ўринда Президентлик лавозимининг жорий этилиши ва сайловлар тарихи тўғрисида ҳам икки оғиз маълумот бериш жоиз бўлади. Аслида Ўзбекистон тарихида Президентлик лавозими 1990 йилда, Республика ҳали СССР мустамлакаси остида бўлган даврлардаёқ, айтиш муҳимки, собиқ Иттифоқ субъектлари орасида биринчи бўлиб жорий этилган, Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб – 1990 йил 24 март куни Олий Кенгаш сессиясида сайланган эди.
Орадан бир ярим йил ўтиб, 1991 йилнинг 31 август куни Ислом Каримов мамлакат мустақиллигини эълон қилди. Шу йилнинг 29 декабрига келиб эса, Ўзбекистонда илк бор жаҳон андозаларига мос тарзда, муқобиллик асосидаги умумхалқ сайлови ўтказилди. Овоз бериш жараёнларида сайловчиларнинг 94,2 фоизи ёки 9,9 миллиони иштирок этди. Унинг натижаларига кўра, 8.514.136 та овоз ёки умумий сайловларнинг 87,1 фоизи қўллаб-қувватлаши билан Ислом Каримов мамлакатнинг қонуний асосда сайланган Биринчи Президенти сифатида ғалаба қилган. Илк инаугурация маросими эса орадан бир ҳафта ўтиб, айнан 1992 йил 4 январь куни ўтказилган эди.
Шундан бери қанча сувлар оқиб ўтди. Янги асрга, янги даврга қадам қўйдик. Лекин Ўзбекистон халқи, миннатдор авлод – ўз истиқлолига тамал тошини қўйган, йиллар давомида она юртини турли офатлардан сақлаб, бугунги янгиланиш даврига қадар омон-эсон олиб келган буюк инсон олдидаги ҳурматини ҳануз сақлаб келмоқда. Бунга эса, Ислом Каримов хотираси олдида бир зум бош эгишни истаб, Оқсарой қароргоҳига келаётганлар оқими кўпайиб бораётганидан ҳам билиш мумкин.
Дарвоқе, бунинг учун муносиб шароитни яратиб берган, Биринчи Президент меросини кўз қорачиғидек асраб, юртдошларимизни шунга даъват қилиб турган Янги Ўзбекистон бунёдкорлари ва фидоийлари хизматини ҳам алоҳида эътироф этиб ўтиш адолатдан бўларди.
Улуғ шоир ёзганидек,
“Дунёда кўп нарса унутилади:
Қашшоқлик, мартаба, қувонч, қайғулар.
Унутилиб борар муҳаббат дарди,
Унутилар йиллар, йўллар, туйғулар.
Қирқ йиллик адоват унутилар секин,
Унутилар ҳатто юракдаги дарз.
Яхшиларнинг меҳри унутилмас, лекин,
Унутилмас улар олдидаги қарз”.
Ф. Қурбанбаев, Р. Шарипов, Т. Қурбанбаев фотосуратлари