ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

МУСАВВИР БИЛАН УЧРАШУВ


24.11.2025

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси – Ўзбекистоннинг давлат сифатидаги шаклланиши ва тараққиётида ўзига хос ўрин тутган шахсларнинг ўзига хос мулоқот майдони ҳам бўлиб бормоқда. Шу кунларда бу маскан мамлакатимиз солномасида номи битилган яна бир инсон билан учрашувнинг гувоҳи бўлди.

Мажмуа Ҳомийлик кенгаши аъзоси, Биринчи Президент рафиқаси Татьяна Каримова Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари – байроқ ва герб муаллифи, Ўзбекистон халқ рассоми Анвар Мамажонов билан учрашди.

Суҳбатда мамлакатимиз мустақиллигининг илк ҳаяжонли чоғлари, ҳали миллий рамзларга ҳам эга бўлмаган давлатнинг бу борада орттирган тажрибалари, Ислом Каримов билан мулоқот, унинг – ҳам давлат раҳбари, ҳам оддий инсон сифатидаги фазилатлари хусусида сўз борди.

Рассомнинг эслашича, 1991 йили мамлакат мустақилликка эришгач, Ўзбекистон давлат байроғи ва гербини яратиш бўйича танлов эълон қилинган. Унда бутун республика бўйлаб ижодкорлар ва кўнгиллилар иштирок этишган. Танловга тақдим этилган эскизлар Фанлар академиясининг профессор-ўқитувчилари ва рассомлардан иборат комиссия томонидан ажратиб олинган.

Меҳмонимиз ҳам танловда график рассом сифатида қатнашиб, янги герб учун собиқ Ўзбекистон ССР гербини асос қилиб олган ҳамда унга ўзбек халқи ва замини тимсолларини киритган. Танлов сўнгида икки рассом – Баҳодир Жалолов ва Анвар Мамажонов финалга ўтгани ҳақида хабар берилган. Ҳар икки иш комиссия аъзолари ва Олий Кенгаш депутатлари томонидан кўриб чиқилган экан. Шундан сўнг ниманидир олиб ташлаш, ниманидир қўшиш ёки уни-буни тўғрилаш каби одатий ишлар бошланган.

Анвар Мамажонов гербнинг марказига дастлаб афсонавий Семурғ қушини чизган ва кейинчалик Ислом Каримовнинг таклифига асосан уни Ҳумо қушига ўзгартирган. “Давлат раҳбари бутун иш жараёнини кузатиб, ҳаммасини назорат қиларди. У гербда йиртқич ҳайвонлар бўлмаслиги кераклигини айтиб ўтганидан сўнг, ғоялар мутлақо ўзгарди, жумладан, менинг эскизларим ҳам бошқача кўринишга эга бўлди”, – дея эслайди рассом. Бундан ташқари, Президентнинг Ҳумо – бахт, эркинлик қуши, унинг боши эгилган ҳолатда бўлиши керак эмас” деганидан сўнг, тасвир ўзгартирилган.

“Байроқ яратилиши устида ҳам ғоят жиддий иш олиб берилди. Бевосита Ислом Каримов ғоялари асосида чизилган байроқда дастлаб Президент шўролар тузумини эслатиб турадиган қизил ранг умуман керак эмаслигини айтганди. Кейин биз унга бу ранг – Шарқда ёмон кўзлардан асровчи ранг сифатида ҳам қўлланишини, қолаверса, мустақилликда – озодлик учун умрини ва жонини тиккан аждодларнинг ҳам ҳиссаси борлигини айтганимиздан сўнг, у рангни байроқ ўртасида, кичик ҳошия сифатида қолдиришга кўнди. Дастлабки вариантдаги ярим ой ва битта юлдуз – Ислом Каримов тавсиясига кўра 12 та юлдузга айланиб, мукаммаллик касб этди.

Тимсолларни яратиш ва уларни расмийлаштиришнинг тарихи, қонун-қоидалари ва санъатини ўрганадиган фан бўлмиш – геральдикага жиддий қарашни, ҳар битта белгини асослашни айнан Ислом Каримов билан ишлаш жараёнида ўрганганман. Мени шундай буюк шахс билан учраштиргани учун тақдиримдан миннатдорман”, – дейди мусаввир.

...Йиллар, замонлар ўтар, авлодлар алмашар. Аммо мамлакат мустақиллиги йўлида умрини бахш этган буюк етакчи хотираси каби – озод юртнинг туғроси ҳам, байроғи ҳам боқий қолиб, мағрур ҳилпираб тураверади.

Т.Қурбонбоев фотосуратлари