Муборак Қурбон ҳайити арафасида турибмиз. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 11 июнда имзоланган Фармонига мувофиқ, айёмнинг биринчи куни 16 июнь – якшанба кунига тўғри келади.
Шукуҳли байрам кунлари эл-юртимизга хос бўлган меҳр-мурувват, шафқат ва саховат туйғулари барчамизни – эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар, ногиронлар, ёлғиз кексаларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар ва қабристонларни обод қилиш каби савобли ишларга даъват этмоқда.
Мамлакатимиздаги миллий ва диний қадриятларнинг тикланиши, миллатнинг ўз асл ўзанларига қайтиши эса бевосита мустақиллик билан, унинг асосчиси бўлмиш – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов шахси ва фаолияти билан бевосита боғлиқ. 1991 йил 11 апрель куни имзоланган “Анъанавий миллий байрам “рўза ҳайити”ни нишонлаш ҳақидаги Президент Фармони – байрамни оммавий нишонлашга йўл очган бўлса, кейинроқ, 1992 йил 27 мартдаги Президент фармони билан Рамазон, Қурбон ҳайитларининг биринчи кунлари дам олиш куни деб эълон қилингани – тарихий факт.
Шундан буён қанча сувлар оқиб ўтди, юз минглар юртдошларимиз авваллари бориш армон бўлган муборак Ҳаж зиёратларини амалга оширишди. “Дилинг – Аллоҳда, қўлинг – меҳнатда бўлсин”, деган олижаноб эътиқод билан яшаётган эл-улус – ўзига қайтариб берилган қадамжолару масжидларда ибодатларини амалга оширди ва оширмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, улуғ айём арафасида – шу муаззам онлар келишига ўз ҳиссасини қўшган марҳумларимизнинг охиратлари обод бўлишини, бетакрор Ватанимиз, хонадонларимиздан эса хотиржамлик, аҳиллик, файзу барака ҳеч қачон аримаслигини тилаймиз!
Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!
Ф.Қурбонбоев олган суратлар