ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

МУАЛЛИМИ АРДОҚЛАНГАН ЮРТ


01.10.2025

“Меҳр нури ёғар доим юзингиздан, устозлар,

Юрсам дейман бу табаррук изингиздан, устозлар…”

Элимиз учун неча йилларки, суюмли бўлиб келаётган бу қўшиқ айниқса, муаллимлар байрами арафасида-ю ўша кунлари бот-бот жаранглайвериб, шууримиздан муқим жой олишга ҳам улгурибди. Аммо малол ботмайди, бездирмайди. Сабаби аниқ – у отадек улуғ, онадек мўътабар зотни тараннум қилади, устозни улуғлайди. Инсон зоти учун эса, ким бўлишидан қатъий назар, ҳарф ўргатган, тўғри йўлга солган, жилла қурса, оқ-қорани танитган инсон (дунёдан ўтган бўлса, хотираси ҳам) барибир муқаддас. Минг алломаи замон бўлмайдими, дунёларни титратган фотиҳу жаҳонгир бўлмайдими, ҳаммасининг устози бор, муаллими бор. Не тонгки, рўйи заминнинг салмоқли қисмини тасарруф қилган буюк бобомиз Амир Темур ҳам дунёдан ўтар чоғи қабрининг – устози Мир Саид Барака пойида бўлишини васият қилган. Шундай улуғ зот асли муаллим қавми...

Юртимизда бу зотлар том маънода қадр ва эъзоз топиб келмоқда, дейиш муболаға эмас. Қаранг, Ўзбекистон – ўқитувчи ва мураббийлар байрами умумхалқ тарзида нишонланиб, дам олиш куни, деб эълон қилинган дунёдаги ғоят саноқли давлатлардан бири. Бу – Биринчи Президент томонидан 1996 йил 27 декабрда имзоланган Қонун билан белгилаб қўйилган.

Ислом Каримовнинг ўқитувчи ва мураббийларга қарата “Ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бағишлаб, барчамизга эзгуликдан сабоқ берган, отадек мўътабар, онадек меҳрибон сиз, азиз устозларнинг ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган машаққатли ва шарафли меҳнатингиз учун ҳар қанча таҳсин ва ташаккурлар айтсак, арзийди” деган сўзларини эслаш лозим. Амалий иш ҳам шунга яраша бўлган.

Мустақилликнинг илк йилларида Биринчи Президент ташаббуси билан қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”, “Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури” каби ҳужжатлар – замонавий билим масканларини барпо этиш, ёшларни бепул мажбурий таълим билан тўлақонли қамраб олиш, давлат таълим стандартлари ва ўқув режаларини замон руҳига мос тарзда ислоҳ этиш каби кенг қамровли ишларни тизимли амалга оширишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилди.

“Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” каби унвонлар жорий қилинди. Бугунги кунга қадар минглаб устоз ва мураббийлар шундай давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Ўнлаб муаллимлар эса мамлакатимизнинг олий мукофоти – “Ўзбекистон Қаҳрамони” бўлишдек шарафга муносиб деб топилди.

Устоз зотига, мураббийларга бўлган эътибор бугунги – “Учинчи Ренессанс” пойдевори қўйилаётган Янги Ўзбекистон даврида ҳам янгича шижоат билан давом этмоқда. Чунончи, ўтган саккиз йилда таълим ва илм-фан соҳасига харажатлар 6 карра оширилиб, 378 триллион сўмга етган. Ҳозирда мактабларда 6,5 миллион ўқувчи таълим оляпти. Сўнгги саккиз йилда 500 га яқин янги мактаблар қурилгани, мавжудлари кенгайгани ҳисобига 1 миллион ўқувчи ўрни яратилди. 200 мингдан зиёд ўғил-қизлар хусусий мактабларда ўқияпти. Сўнгги йилларда, айниқса, олий таълим қамрови жадал ошди. Олий ўқув муассасалари сони 77 тадан 202 тага, жами талабалар сони 250 мингдан 1,5 миллионга етди.

Бу рақамлар эълон қилинган тадбир, яъни жорий йилнинг 15 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев айтган мана бу сўзларни айнан келтирамиз: “Мен кўплаб соҳа вакилларига унвон, орден ва медаллар бераман. Лекин устозлар мукофотланадиган кунни соғиниб кутаман. Кўксингизни безаб турган орден-медаллар муборак бўлсин. Юртимизда юксак мукофотларга муносиб фидойи муаллимлар кўпайсин”.

Шу гапларнинг ўзиёқ мамлакатимизда устоз ва мураббийларга кўрсатилаётган нечоғли улкан ардоқнинг ёрқин исботи эмасми?..

Байрамингиз қутлуғ бўлсин, қадрли ва азиз муаллимлар!

Ф.Қурбонбоев фотосуратлари