ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

МИРЗО УЛУҒБЕК ДАҲОСИ АБАДИЯТИ


09.10.2024

“Беихтиёр 1996 йили Парижда ЮНЕСКОнинг ўша пайтдаги Бош котиби Федерико Майор жаноблари билан бўлган бир суҳбат ёдимга  тушади. Ўшанда жаноб Майор Улуғбекнинг илмий меросини юксак баҳолаб, унинг юлдузлар ҳаракатига оид ҳисоб-китоблари бугунги кунда компьютер ёрдамида текшириб кўрилганда, атиги бир неча дақиқага фарқ қилиши аниқланди, деган гапни айтиб қолди. Шунда мен унга жавобан, йўқ, жаноб Федерико Майор, Улуғбек хато қилган бўлиши мумкин эмас, балки компьютерлар хато қилган бўлиши мумкин, деган эдим. Гарчи бу гап дўстона лутф тариқасида айтилган бўлса-да, ўйлайманки, унинг замирида чуқур ҳақиқат мужассам”.  

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асаридан ўрин олган ушбу фикрлардаги бир жиҳатга эътибор қаратайлик: ўз аждоди билан ғурурланиш, фахр туйиш, унинг шаънини – хотираси бўлса ҳам, айниқса, хорижлик олдида баланд тутиш шунчалик бўлар-да...

Нафсиламрини айтганда, Мирзо Улуғбекбек – жаҳон аро фахрланишга лойиқ бобомиз даҳоси шу эҳтирому ифтихорга арзийдиям!..

1394 йил 22 мартда  Соҳибқирон Амир Темурнинг беш йиллик юриши давом этаётган чоғда дунёга келган, тарихчи Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида қайд этганидек, Темур ҳузурига чопар келиб, туғилган мурғак – келажакда буюк олим ва одил ҳукмдор бўлишини мунажжимлар башорат қилаётгани хабарини берганда, Соҳибқирон шодлигидан Ироқдаги Мордин қалъаси қамалини тўхтатиб, унинг халқига юкланган тўловни бекор қилган воқеалар қаҳрамони – Мирзо Улуғбек эди.

Мунажжимлар башорат қилганидек, Улуғбек даврида салтанат янада равнақ топди. Шаҳарда ҳунармандлик, меъморлик, адабиёт, илм-фан юксалди, савдо-сотиқ тараққий этди. Энг муҳими, у пойтахт Самарқандда ўша давр академиясини яратиб, расадхона бунёд этиб, атрофига 200 нафардан ортиқ олимни тўплаган. “Зижи жадиди Кўрагоний”, “Рисолаи Улуғбек”, “Тўрт улус тарихи” каби буюк асарлар битган.

Бир сўз билан, Муҳаммад Тарағай Улуғбек – жаҳон илм-фанида ўз ўрни ва ўз номига эга бўлган буюк аллома ҳисобланади.

Мустақиллик йилларида Мирзо Улуғбек илмий меросини ўрганиш, буюк олим, маданият ҳомийсига эҳтиром кўрсатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шундайки, бундан роппа-роса 30 йил олдин, яъни истиқлолнинг дастлабки йилларидан бири бўлган бутун бошли 1994 йил – Президентнинг 1994 йил 19 март кунги Фармони билан, Ўзбекистон Республикасида Мирзо Улуғбек йили деб эълон қилинган эди.

   

Айнан Ислом Каримов саъй-ҳаракатлари билан буюк бобокалонимизнинг қутлуғ 600 йиллиги ЮНЕСКО қарорига кўра, 1994 йил апрелда – Парижда, октябрда эса – Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида тантанали тарзда нишонланди, халқаро конференциялар ташкил этилди. Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, кейинроқ Самарқандда, қолаверса, Литва давлатида Мирзо Улуғбекка ҳайкаллар ўрнатилди.

Республикадаги қатор муассаса, ташкилот, майдон, кўчаларга Мирзо Улуғбек номи берилди. Хусусан, Тошкентдаги туманлардан бири, Астрономия институти, Ядро физикаси институти жойлашган посёлка, Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд Давлат архитектура ва қурилиш университети ва бошқалар шулар жумласидан.

1994 йилнинг 15 октябрида Самарқандда ўтган Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллик юбилейи тантаналарида Биринчи Президент “Ҳар бир миллат ҳам Улуғбекдай фарзандини тарбия этгани учун ғурурланиши табиий ҳолдир. Чунки бундай инсонлар фақат ўз халқига эмас, балки умумбашарий цивилизация учун хизмат қилади ва жаҳоннинг эътиборини қозонади” дея таъкидлаган эди.

   

Буюк боболаримиз, хусусан, Мирзо Улуғбекдек даҳога эҳтиром бугунги – Янги Ўзбекистонда ҳам давом этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2024 йил 12 сентябрда имзоланган “Буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор фикримизга яққол далил бўла олади.

Фармоннинг кириш сўзида айтилганидек, “Буюк аждодимиз асарларининг миллий ва умуминсоний мазмун-моҳиятини, уларнинг ёш авлод интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш ва шу асосда Янги Ўзбекистоннинг муносиб бунёдкорлари этиб тарбиялаш борасидаги беқиёс ўрни ва аҳамияти бор”.

Буларнинг барчаси ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, “Ки олам кўрмаган султон анингдек” бобомиз даҳосининг абадиятга дахлдорлигидан нишонадир.

Ф.Қурбонбоев фотосуратлари