ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

МИНГ ЙИЛЛАРКИ, БЕЗАВОЛ БАЙРАМ


20.03.2025

“Наврўзи олам барчамиз учун неча минг йиллик тарихга эга, илдизлари “Авесто” даврида пайдо бўлган, қадимий, асл миллий, ҳар қандай сиёсатдан йироқ, кеча ва кундуз тенг келадиган шарқона янги йил бўлиб, эл-юртимиз табиатига, онгу тафаккури, қалби-шуурига чуқур сингиб кетган энг севимли, энг гўзал баҳор байрамидир”.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга тегишли бу гаплар айни ҳақиқат: илдизлари жуда чуқур, таг-туби билан асл халқона, ҳар қандай сиёсату мафкура ёхуд диний догмалардан холи, фақат борлиғу табиатнинг уйғонишига вобаста, нечоғли гўзал байрамимиз бор. Бир замонлар у кимгаям халақит қилиши мумкин эди, дерсиз. Қилган экан-да. Қилгандаям, бутун бошли Шўролар тузумига, унинг олчоқ ва мансабпараст раҳбарлари-ю, “ойимтилла”ларига халақит қилган экан. Чунки у – юқорида айтилганидек, асл миллий эди. Мафкурани тан олмасди. Баҳонада миллатни, қадриятни, ўзликни уйғотиши мумкин эди. Таъқиқлашди-қўйишди.

Уни бу миллатга айнан Ислом Каримов қайтариб берди. Шунчаки қайтариб бериб қўя қолмади, балки бош миллий байрамлардан бирига, ўзликни англаш тараннумига айлантирди, ўзи шундоғам гўзал ва фусункор айёмни янада баланд рутбалар билан сийлади. Ҳали собиқ марказнинг оқаваси бижғиб, паймонаси тўлмаган кездаёқ, аниқроғи, 1990 йил 3 майда Президент Ислом Каримов фармонига мувофиқ, Наврўз – умумхалқ байрами, дея эълон қилиниб, 21 март дам олиш куни этиб белгиланди. Бу – росмана жасорат эди.

Ардоқли шоиримизнинг ўша йиллари ёзилган, тазарру маъносидаги –

“Сен бизни кечиргин, эй Наврўзимиз,

Ғафлатда чалғиди ул кун кўзимиз.

Юзингга шапалоқ тортиб юбордик,

Шўрпахта босамиз энди ўзимиз”,

деган сатрлари ёдингиздадир. Шундай бир долғали замонлар эди ўзиям...

Нафсиламрини айтганда, раҳматли Ислом Каримовнинг ўзи бу байрамни жуда яхши кўрар, у нишонланаётган кезда вужуд-вужуди билан яйраб кетар, ўзиям берилиб рақсга тушиб, майдондаги минглаб одамни шунга чорларди.

Биринчи Президент рафиқаси Татьяна Каримова ўша даврларни шундай хотирлайди: “Ислом Абдуғаниевич ҳам – миллионлаб юртдошларимиз қатори ҳар йили Наврўз байрамидан олдинги об-ҳаво билан қизиқар, ноқулай шароит байрам ўтказишга тўсиқ бўлмасин, деб қайғурарди. Ҳар гал кўтаринки кайфият билан нишонланган, ўзи азбаройи берилиб рақсга тушган байрамдан сўнг уйга ҳориб-чарчаб қайтса ҳам, руҳи ғоят кўтаринки бўлиб, шу кайфият анча пайтгача уйда ҳам, мамлакат сиёсатида ҳам акс этмай қолмасди”.

Ислом Каримов бу улуғ ва фараҳбахш байрам воситасида элни бирлаштиришнинг уддасидан чиқди. Ўтган 35 йил давомида Наврўз халқимизнинг қадим маданияти, эзгу фазилатлари тимсолига айланди. Унинг ўлмас руҳи ва қадриятлари авлодлардан-авлодларга заволсиз ўтиб келмоқда.

Буни қарангки, боқий Наврўзимиз бугунги – янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишларга ҳам ғоят ҳамоҳангдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Наврўзи олам фалсафаси бизнинг орзу-интилишларимиз, амалий ишларимиз билан узвий боғланиб кетганини бугун ҳар қадамда яққол кўриш мумкин. Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир юртдошимизга меҳр ва эътибор кўрсатиш фаолиятимиз мезонига айланмоқда”.

Биз ҳам, ўз навбатида юртдошларимизни минг йилларки, безавол улуғ айём билан қутлаб, “Хуш келибсан, Наврўз! Олам сен билан нурга тўлсин!”, деймиз.

Ф.Қурбонбоев фотосуратлари