ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

МИЛЛАТНИ БИРЛАШТИРУВЧИ ҚУДРАТ


20.10.2025

Ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккур деган тушунчалар, одамларнинг руҳий-маънавий боғлиқлиги тил орқали намоён бўлади. Қалбдаги бор фазилатлар, аввало она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Тил борки, миллат яшайди. Тилсиз миллат – миллат эмас.

Шарқнинг улуғ алломаси Кайковуснинг “Қобуснома“ асарида “Сўзни бағоят улуғ билгил“ деган ҳикмат учрайди. Сўз, тил бениҳоя буюк қудрат. Ўзбек тилининг шону шавкати, туганмас куч-қудрати башариятнинг ақлий ва бадиий хазинасидан жой олган жуда кўплаб асарларда мужассам. Бу тил шаънини аждодларимиз ҳамма замонларда кўз қорачиғидек асраган. Амир Темур мағлубият нелигини билмас қўшинига шу тилда қўмондонлик қилган, Соҳибқирон тиғи етмаган жойларни Навоий шу тилда забт этган.

Қарангки, жаҳон халқлари ичида ўз ўрни ва нуфузига эга туркий тиллар оиласи асосан уч тармоққа – қарлуқ, қипчоқ ва ўғуз лаҳжаларига бўлинади. Туркий тилда сўзлашувчи қондошларимиз шу уч лаҳжанинг биттагинасида сўзлашади. Масалан, Туркия турклари ва озарбайжонлар – ўғуз; қардошларимиз бўлмиш қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз ёки татарлар – қипчоқ; уйғурлар – ягона қарлуқ лаҳжасида гаплашиб, уларнинг адабий тиллари ҳам шу лаҳжага қурилган. Туркий тиллар оиласидаги ягона миллат, яъни биз – ўзбекларнинг тилида эса ҳар учала лаҳжа элементлари учрайди. Гарчи адабий тилимиз асосан қарлуқ лаҳжаси асосида қурилган бўлса-да, ўзаро мулоқотда, дейлик, мамлакат жанубида қипчоқ диалекти устувор бўлса, Фарғона водийси, пойтахт ва йирик шаҳарларда – қарлуқ, Хоразм воҳасида эса ўғуз лаҳжасида сўзлашадилар.

Бу ҳодиса бизнинг туркий дунё аро марказий куч, асосий ўзак бўлиб келганимиздан, буюк Темур таъбири билан айтганда, “туркнинг бош бўғини” эканимиздан далолат. Бошқа томондан эса шевалар – миллий бойлигимиз, битмас-туганмас хазинамиз. Фақат олимларимиз тузукроқ тадқиқот олиб бориб, турфа лаҳжалардаги сўзларни “шевага хос сўзлар”, дея итқитмасдан, қўрқмай адабий тилга киритишлари, изланишлар олиб боришларига тўғри келади. Бу билан тил ғариблашиб қолмайди, аксинча, миллатни бирлаштириб турган адабий тилимиз бойийди.

Ана энди давлат тили масаласига келсак, ЮНЕСКО маълумотларига кўра, ўзи дунёда қарийб 7 мингга яқин тил мавжуд, лекин улардан фақат 200 га яқини давлат тили мақомига, нуфузига эга. Шулар қаторида – жаҳон миқёсида 60 миллионга яқин одам сўзлашиб келаётган гўзал ва жозибали тил – ўзбек тилининг ҳам борлиги биз учун ғурур.

Мундоқ ўйлаб қаралганда, мустақиллигимизнинг асоси, пойдевори ҳам айнан миллий тилга юксак мақом берилган онлардан бошлаб қўйилган. Айнан мустақиллик остонасида давлат тилига ҳуқуқий мақом бериш масаласи кун тартибига чиққанди. Лекин ўша йиллари ҳам миллатнинг ўзлигини танишини истамаган – ташқи, тан олиб айтайлик, ички манқурт кучлар ҳам бу масалага тиш-тирноғи билан қарши чиқишган. Аниқ эсимизда бор, ўшанда “сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмайдиган” тарзда, ўта илимилиқ бир ҳужжат, яъни “Тиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини зўр-базур муҳокамага қўйишган эди.

Айнан Ислом Каримов 1989 йилнинг ёзида ҳокимиятга келгач, “Биз ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш йўлида ҳаракат қилаяпмиз-ку, бу мақсад қонун номидан ҳам билиниб туриши лозим эмасми”, дея масалани кўндаланг қўйган. Шундан сўнг Биринчи Президент ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши билан, 1989 йил 21 октябрь куни “Тиллар тўғрисида”ги эмас, айнан “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ўзбекистон ҳали Шўролар Иттифоқи таркибида бўлган, миллий маданият ва маънавиятни, тил мавзуларини кўтариш миллатчилик дея баҳо берилган бир пайтда бундай қарорнинг қабул қилиниши том маънода жасорат эди. Айнан Ислом Каримовнинг сиёсий иродаси, шижоати ва қатъияти туфайли тарихимиз, қадриятларимиз тикланишида, миллий ўзликни чуқур англашда муҳим омил бўлган мазкур лойиҳа амалга оширилди.

Шу ўринда яна бир ҳақиқатни айтиб ўтиш лозим бўлади. Очиғи, Ислом Каримов дастлаб Ўзбекистон раҳбарлигига келган чоғларда ўз фикрини ўзбек тилида равон баён қила олмаган. Чунки таълимни ҳам русчада олган, азбаройи Шўролар давридаги муҳит таъсирида кейинчалик эгаллаган вазифаларида ҳам ўша тилга устуворлик берилганди-да.

Ўша йиллари Ислом Каримов ўзидаги бу камчиликни тузатишга жиддий киришган экан. Сафдошларининг хотирлашларича, Ислом Абдуғаниевич фикрини ўзбек тилида ифодалаш, нотиқлик маҳорати устида тинимсиз машқ қилган, кўплаб ўзбек тилидаги китобларни ўқиб чиққан. Бу борада эса унга мутахассислар ва тилшунослар яқиндан кўмак беришган.

Натижани эса ҳаммамиз яхши эслаймиз – Ислом Каримов кейин-кейин, йиллар оша нафақат ўзбекча гапириш, балки лутфу қочиримлар, мақолу маталларни ҳам қўшиб, тилнинг “алифу лом”ини, “зеру забар”ини ўрнига қўйиб, унча-мунча тилшуносни ҳам аро йўлда қолдирадиган бўлди. Шу боис бўлса керак, мустақиллик йилларида юртимиздаги адабиёт, илм-фан ва маданият аҳли, тилшуносларимиз йиллар оша ўзгача қадр ва эъзоз топди.

Сўнгроқ, мустақил давлатчиликдаги миллий қонунчилик, иқтисод, мафкура масалаларини, ички ва ташқи сиёсатни юритиш каби босқичнинг ҳар бирида айнан миллий тил ва унинг қадри масаласи алоҳида ўрин тутиб, асосий мезонлардан бири бўлиб турди.

2016 йилнинг 13 майида Биринчи Президентимиз томонидан имзоланган “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармон ҳам миллатнинг маданий ҳаётида ғоят улкан аҳамиятга эга бўлди.

Тил масаласига, унинг миллий давлатчиликдаги тенгсиз ўрнига бугунги кунда ҳам энг устувор вазифалардан бири сифатида қараб келинаётир. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жаҳоннинг энг нуфузли ташкилоти – БМТ минбаридан туриб, айнан ўзбек тилида нутқ ирод қилганининг ўзи қанчалик буюк, асрлар давомида кутилган воқеа эмасми. Қолаверса, 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан, 21 октябрь мамлакатимизда – Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.

Зотан, Янги Ўзбекистон пойдевори яратилаётган айни шиддатли даврда халқимиз тафаккурининг бебаҳо хазинаси бўлмиш ўзбек тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш – бугуннинг энг шарафли вазифаларидан бирига айлангани рост. Биз тилнинг қадрини юксалтириб, унинг шаънини кўкларга кўтариб қўйсак, уни, айрим зиёлиларимиз даъват қилганидек, мажбурлаб ўргатишга ҳам ҳожат қолмайди. Аввало ўзимиздан бошлаганимиз маъқул. Зеро, аждодлардан мерос буюк она тилимиз бунга муҳтож ҳам эмас!

Ф.Қурбонбоев фотосуратлари