ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

МИЛЛАТ ТАҚДИРИГА ДАХЛДОРЛИК


24.07.2026

 

 

Бу рўйи заминда миллат кўп: сайёрамизда уч мингга яқин миллат бўлиб, улар инсониятнинг ўрта ҳисоб билан 96 фоизини бирлаштиради. Миллатнинг абадийлиги, унинг барқарорлигини таъминлашнинг асосий омили унинг ички салоҳиятидир. Миллатларнинг ички-руҳий салоҳияти, яратувчилик қобилияти, матонати, меҳнати, ўзига хослигини ривожлантириши асосида ҳозирги замон цивилизацияси юзага келган. Маълум бир миллат бошига – энг зарур даврда, халқнинг ана шу салоҳиятини юзага чиқара оладиган, ўз шахсий манфаатларини бир четга суриб, бутун борлиғини эл-юрт ривожига бағишлайдиган етакчининг, дарғанинг келиши – унинг бахти.

Бу борада ўзбекнинг, Ўзбекистоннинг ҳартугул, пешонаси ярқираган экан. Уни бир ярим асрлик қулликдан, мустабид тузумдан халос қилиб, озодликнинг ойдин йўлига олиб чиққан етакчи – Биринчи Президентдан сўнг, унинг бахтига, одамларни ягона мақсаду маслак атрофида жипслаштирадиган, халқнинг дарду армонлари билан яшайдиган, ҳар бир фуқаронинг ташвишини ўз юрагидан ўтказадиган лидер келди.

Улуғ ёзувчиларимиздан бири ёзганидек, “Турмуш – яшаш деган сўз. Яшаш учун ердан тортиб қуёшгача, муҳаббатдан тортиб ғазабгача – ҳаммаси керак, ҳаммаси зарур. Умрини яшаб ўтказган кишининг роҳати ҳам, азоби ҳам, хафачилиги ва хурсандчилиги ҳам бир мазмун касб этади, буларнинг ҳаммаси бир бутун анорнинг алоҳида доналаридай чиройли, лаззатли бўлади”. Шу фикрлардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бугун Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар – шу заминда яшаётган ҳар бир инсоннинг том маънода яшаши, ўз умридан рози бўлиб ўтиши учун қилинаяпти.

“Одамларимиз эртага эмас, бугун яхши яшаши керак” деган даъват Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келган илк соатларидан бошлаб олий мақсадга айланди. Барча саъй-ҳаракат ҳам, шиддатли ислоҳотлар ҳам, ички ва ташқи сиёсатдаги янгиланишлар ҳам худди шу буюк муддаога йўналтирилди. Кейинроқ эса “Биз бир бўлсак – халқ, бирлашсак – Ватанмиз!” деган улуғ ғоя ўртага ташланди. Бутун бошли мамлакат бор салоҳияти билан Ватан тараққиёти, миллат истиқболи деган улуғ мақсад томон йўналтирилди ва бу жараёнлар айни кунларда ҳам давом этмоқда. Давом этганда ҳам ҳам, янгича шукуҳ, янгича шиддат, янгича ғайрат билан адо этилмоқда.

Бугун миллат пешонасига битган ана шу етакчининг – Янги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таваллуд куни!

Туғилган кунингиз муборак бўлсин, ҳурматли Президент!