Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасидаги “Бутун оламни жо қилган юрак” номли бадиий кўргазма билан танишувга келувчилар сафи кундан-кунга ортиб бормоқда. Улар орасида ўқувчи ва талаба ёшлардан тортиб, ишчи-хизматчиларгача, зиёлилардан тортиб, фахрий нуронийларгача – турли ёш ва касбдаги юртдошларимизни учратиш мумкин.
Биринчи Президент хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида келган ёшу қарининг юз-кўзида – бугунги доруломон кунлар, тинчлик ва осойишталикни бизга инъом этган улуғ зотнинг хотираси олдида миннатдорлик туйғулари мужассамлигини илғаш қийин эмас.
Фикримизга исбот тариқасида куни кеча бу масканга келган Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Минтақавий маркази тингловчилари ташрифини тилга олиш мумкин.
Марказда малакасини ошираётган, Республика бўйлаб барча вилоятлардан келган педагог-муаллимлар кўргазмалар залидаги Биринчи Президентимиз ҳаёти ва фаолиятига оид турли санъат асарлари – картиналар, портретлар, фотолар, пейзаж ва ҳайкалтарошлик намуналарини ғоят қизиқиш ва ҳаяжон билан томоша қилишди.
Ёш авлодга зиё улашувчи шарафли касб эгалари ўзаро ва мажмуа ходимлари билан мулоқот қилиб, юртимизнинг энг янги тарихи бўйича янги таасурот ва тасаввурга ошно бўлишди. Мамлакатнинг барча ҳудудларидан келган ўқитувчи ва муаллимнинг фикрича, ватанимиз тараққиёти тадрижини белгилаб берган янги тарихнинг дастлабки даврини чуқур англаш – ўқув жараёнини муҳим маълумотлар билан бойитишга ёрдам беради. Зеро, Ватанга хизмат қилиш, боз устига, ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясида шу каби қадриятларни сингдириш – эзгу ишларнинг энг улуғларидан бири.
Т.Қурбонбоев фотолари