27 июн – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мажмуада тадбир бўлиб ўтди. Унда мажмуа раҳбари Темур Ширинов жамоада фаолият юритувчи журналистларини табриклаб, жумладан, шундай деди: “Матбуот тарихий ҳужжат, бу муҳим ҳужжатни яратган инсонлар номи ҳам тарихга муҳрланади. Айниқса, бугунги кунда оммавий ахборот воситларининг роли тобора ортиб бораётир. Ҳозирги замон журналистидан очиқлик, шаффофлик, тезкорлик ва ҳаққонийлик тамойиллари асосида фаолиятларини ёритиб бориш, таҳлилий-танқидий ёндашувлар асносида давлат ва жамият ўртасида мустаҳкам кўприк бўла олиши талаб этилмоқда”. Дарҳақиқат, матбуот ва оммавий ахборот воситалари иши ҳар томонлама оғир ва масъулиятлидир. Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган бугунги кунда масъулият янада кучаймоқда. Зеро, дунё шиддат билан ўзгармоқда. Шу боис барча соҳаларда ахборот олиш ва уни етказиш, таъсирчан жамоатчилик фикрини шакллантириш заруратга айланган. Бундай мураккаб шароитда ҳаёт янгидан-янги талаб ва вазифаларни олдимизга қўймоқда.