ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

«Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда Ислом Каримовнинг тарихий ўрни»


26.08.2019

2019 йил 26 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида  «Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда Ислом Каримовнинг тарихий ўрни» мавзусидаги илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

 

Мазкур конференция Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги 2017 йил 25 январдаги ПҚ-2744-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 февралдаги 133-ф-сонли фармойишига кўра, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг хотира ҳафталиги доирасида ўтказилмоқда.

Мазкур конференция Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуаси, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ва Республика маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган.

 

Тадбирда вазирлик ва идоралар вакиллари, олимлар, экспертлар, олий ўқув юртлари вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этди. 

Конференцияда Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова сўзга чиқиб, Ислом Каримовнинг Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги ролини ифодаловчи Ўзбекистон янги тарихининг муҳим воқеалари ва даврларига тўхталиб ўтди.

 

Жумладан, Т. Каримова ўз нутқида шундай деди: "Ўта оғир даврда давлат бошқарувига келган Ислом Абдуғаниевич юртимизнинг турли вилоятларида юзага келган миллатлараро қарама-қаршиликларни ҳал этиш учун қатъий ва айни пайтда пухта чоралар кўришга киришди. У тинчлик ва барқарорлик ҳар қандай давлатнинг, айниқса, ёш республикани ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий-гуманитар ривожлантиришнинг асосий шартларидан бири эканини жуда яхши биларди. Ўзининг пухта ўйланган режалари ва фаол ҳаракатлари туфайли у инсоний йўқотишларни ва ушбу салбий тенденцияларнинг иқтисодий зарарини минималлаштиришга муваффақ бўлди.

 

Конференцияда кўзга кўринган олимлар ва жамоат арбоблари – Ёдгорлик мажмуаси раҳбар Т.Ш. Ширинов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати К. Жўраев, тарих фанлари доктори, профессор М.А. Рахимов, профессор С.А. Жўраев, иқтисод фанлари доктори, профессор Б. Исламов  ва бошқалар иштирок этди.

 

Конференция иштирокчиларининг маърузаларида  Ислом Абдуғаниевич Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирганлиги,   Марказий Осиёда тинчликни сақлаш, бу минтақани барқарор хавфсиз ҳудудга айлантириш, Афғонистон муаммоларини ҳал этиш, жумладан  Қирғизистондаги вазиятларни барқарорлаштириш, Тожикистонда тинчликни сақлаш  борасидаги ишларини эътироф этдилар.

 

Тадбир доирасида конференция иштирокчилари Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, “Бутун оламни жо қилган юрак” номли  кўргазмага ташриф буюрди.

Темур Курбонбоев олган суратлар