Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида “Конституция – демократик тараққиётнинг ҳуқуқий асоси: тарихийлик ва узвийлик” мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси демократик тараққиётнинг ҳуқуқий асоси эканлиги ҳақида сўз юритилди. Давра суҳбатида Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Давлат ва ҳуқуқ институти илмий ходимлари, мамлакатимизнинг етакчи олий ўқув юртларидан олимлар, мутахассислар, экспертлар таклиф этилди. Тадбир иштирокчилари Биринчи Президентимиз, мустақил Ўзбекистон асосчиси хотирасига бағишланган “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмаси билан танишишдан бошланди. Фото ва бадиий экспонатлар Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилади.
Мамлакатимизнинг асосий қонунига бағишланган мулоқотда Тошкент Давлат юридик университети, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ҳамда мамлакатимиздаги етакчи ҳуқуқчи профессор олимларимиз фаол иштирок этдилар. Давра суҳбатида модераторлик қилган Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуа раҳбари Темур Ширинов мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида қабул қилинган асосий қонун Ўзбекистон паспорти бўлиб, халқнинг демократия ва суверенитет йўлидан бориш иродасини кўрсатиб, Конституциямиз муҳим аҳамиятга эга эканини ва янги таҳрирдаги конституциямиз мамлакатимизнинг янада тараққиёт ривожланишига хизмат қилади деб таъкидлади.
Давра суҳбатида олимлар ва мутахасислар маърузлар билан фаол иштирок этишди. Хусусан, Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Муроджон Турғунов Конституциянинг яратилиш тарихи, конституциявий ҳуқуқнинг муҳим жиҳатлари ҳақида гапириб ўтди. Давра суҳбатида давлатимиз ижтимоий сиёсатининг ҳуқуқий асослари, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, динлараро бағрикенглик ҳақида ҳам маърузалар бўлди. Асосий қонуннинг янги таҳрирдаги ўрни қайд этилиб, унда мамлакатимизни ҳозирги босқичда янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Мамлакатимизнинг янгиланган асосий қонуни Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг умумэътироф этилган нормалари ва бошқа халқаро қоидаларга мувофиқ, шахс, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлайди. Сўзга чиққанлар мамлакатимизнинг асосий қонуни жамият ҳаётининг барча жабҳаларига бевосита таъсир кўрсатаётгани, кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилиши керак деган фикр билдиришди.
Ф.Қурбанбаев суратлари