ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

МАЖМУА ХОДИМЛАРИНИНГ САМАРҚАНДГА ЗИЁРАТИ


01.06.2026

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан муқаддас Қурбон ҳайити муносабати билан эълон қилинган қўшимча дам олиш кунларидан унумли фойдаланган тарзда, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасининг бир гуруҳ ходимлари кўҳна ва боқий шаҳар – Самарқандга зиёрат қилишди.

Улар даставвал Хўжаи Хизир мажмуасидаги Биринчи Президент мангу ором топган мақбарада унинг руҳи покига Қуръон тиловат қилишди. Шундан сўнг меҳмонлар Самарқандда қад кўтарган Ислом Каримов ҳайкалини зиёрат қилиб, ўтган асрнинг 50-йилларида у таълим олган – шаҳардаги 21-сонли умумтаълим мактабида бўлдилар.

Маълумки, мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан тамомила янгидан бунёд этилиб, жорий йил баҳорда, муқаддас Рамазон ҳайити арафасида очилган Имом Бухорий мажмуаси – ўзининг улуғворлиги, муҳташамлиги билан Самарқанднинг, янги Ўзбекистоннинг дурдонаси бўлиб қад ростлади. Майдони 45 гектарли бу масканда 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, 154 устунли, миллий услубдаги муҳташам айвон қурилди. Қадамжодаги 14 та мовий гумбаз, 75 метрлик 4 та минора унга улуғвор қиёфа бағишлаб турибди.

Мазкур мажмуа, қолаверса, ҳар бир ғишти кўҳна мозий асрорларидан ҳикоя қилиб, асрий тамаддунларга гувоҳ – Самарқанднинг гавҳари бўлмиш – қадим Регистон майдони ҳам мажмуа ходимларида улкан таасурот қолдирди.