ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“МАҲАЛЛА – ЭЗГУЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИК МАСКАНИ”


05.09.2025

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида – Биринчи Президент хотирасига бағишланган навбатдаги ҳафталик доирасида ўтган якунловчи тадбир айнан шундай номланди. Бу номнинг бежизга танланмаганига – унинг тафсилоти билан танишгач, Сиз ҳам амин бўлишингиз мумкин. Воқеаларни эса хронологик тартибда баён қиламиз.

Даставвал мажмуа ходимлари тадбир иштирокчилари билан биргаликда Оқсарой қароргоҳи олдида қад кўтарган Ислом Каримовнинг муҳташам ҳайкали пойига гул қўйиб, Биринчи Президент хотирасига ҳурмат бажо келтиришди.

Шундан сўнгги воқеалар Ислом Каримов номи билан аталувчи кутубхонанинг анжуманлар залига кўчди. Аввало айтиб қўйиш лозимки, расмий номи “Маҳалла – эзгулик ва ҳамжиҳатлик маскани” дея аталган тадбир дастурида у – “давра суҳбати” дея тавсифланган бўлса-да, тадбирдаги ҳукм сурган самимият, эҳтирос ва ҳароратли фикрларни тинглаб, буюк инсон хотирасига бағишланган маданий-маърифий анжуман, хотира кечаси, деб аташ мумкин.

Ана энди тадбирга нега бу ном танланганига изоҳ берамиз. Халқимизни маҳалладан, маҳаллани эса халқимиздан айро тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбек бор экан, маҳалла билан тирик. Маҳалла-кўй деймиз, мурғаклигимизда боғча-ю мактабга ҳам, улғайган чоғда иш ва бозор-ўчарга ҳам маҳалладан юриб борамиз. Яхши-ёмон кунларимиз, бош кўтариб, эл-юртга аралашиб юришимиз ҳам маҳалла билан. “Бир болага етти маҳалла ота-она”, “Отанг маҳалла, онанг маҳалла”... Бу  каби ўлмас тушунча ва қадриятлар айнан маҳаллада руҳимизга сингган, қалбимиздан жой эгаллаган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, маҳалланинг нуфузи ва мавқеини юксалтириб, унинг қонуний асосларига тамал тошини қўйган шахс эса – айнан Ислом Каримов бўлади. Қолаверса, жорий йил май ойида мамлакатимизда маҳалла фуқаролар йиғинлари сайлови ўтказилган, уларда юртдошларимиз ўзлари таниган, тан олган номзодларга овоз бериб, уларни сайлашди.

Тадбирни очиб, унга модераторлик қилган мажмуа раҳбари, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, тарих фанлари доктори, профессор Темур Ширинов таъкидлаб айтганидек, миллат – айнан маҳаллада туғилади, шу масканда тарбияланади. Бу ҳақиқатни эса миллатимизни истиқлол йўлига олиб чиққан Ислом Каримов ўз вақтида англаб етган ва саъй-ҳаракатларини мазкур мақсадга йўналтирган эди.

Мажмуа Васийлик кенгаши аъзоси, Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова ўз чиқишида бу фикрларни мантиқан давом эттириб, Ислом Абдуғаниевич ҳам ҳамма қатори, хонадонининг эшиги барча учун ланг очиқ бўлган, девор-дармиён қўшни – қариндошдан кўра яқин бўлган муҳитда вояга етганини, унинг кўз ўнгида маҳалла мудом катта бир оиладек, қайғуда ҳам, шодликда ҳам суянчиқ сифатида шаклланиб қолган гўша бўлиб қолганини, айни тасаввур ва тушунчалар унинг бевосита фаолияти давомидаги ишларида ҳам, имзолаган Фармонларида ҳам ўз ифодасини топганини ҳаётий мисоллар билан сўзлаб берди.

Шундан сўнг намойиш қилинган, Ислом Каримовнинг бевосита маҳалла ҳақидаги жонли мулоҳазалари ҳамда самимий лаҳзалар акс этган ҳужжатли фильм анжуман иштирокчиларида ғоят илиқ таасурот қолдирди.

Тадбирдаги илмий маърузалари билан иштирок этган – юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов, Республика Маҳаллалар уюшмаси вакили Гулнора Йўлчиева, Тошкент давлат юридик университети профессори Феруза Муҳиддиновалар ўз чиқишларида – Ислом Каримовнинг маҳалла институти ривожи бўйича амалга оширган ислоҳотлари бугун ҳам изчил давом этиб, тобора такомиллаштирилаётгани, мамлакатдаги 9500 дан ортиқ маҳаллада 10 млн.дан зиёд оиланинг тинч ва фаровон умргузаронлик қилаётгани айни шу сиёсатнинг нечоғли самарали эканлигидан далолат бериши, маҳалла – янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар кўзгуси ва халқ розилигининг олтин кўприги вазифасини ўтаётгани тўғрисида сўз юритишди.

Кечада сўз олган маҳалла, маънавият ва маърифат маркази фаоллари, хорижий меҳмонлар, ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги вакиллари, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳамда Ўзбекистон халқаро Ислом академияси талаба-ёшлари – буюк инсон хотираси билан боғлиқ ҳароратли мулоҳазаларини баён қилишди, шунингдек, ўзлари битган шеърлардан намуналар ўқишди.

Тадбир якунида илмий ишлари ва тадқиқотлари билан ҳамкорлик қилган иштирокчиларга мажмуа номидан “Ислом Каримов – Мустақил Ўзбекистон асосчиси” номли китоб-альбом ҳамда ташаккурномалар топширилди.

Анжуманда меҳмонлардан бири ғоят ўринли тарзда қайд этганидек, инсоннинг улуғлиги унинг бўй-басти билан ўлчанмаганидек, миллатнинг улуғлиги унинг саноғи билан белгиланмайди. Ҳар қандай миллатнинг толеи буюклиги – унинг пешонасига халқни ҳурликка, озодликка чиқарган шахс битганидадир. Бундай инсонлар хотираси эса мангуликка дахлдор!

Мажмуа матбуот хизмати

Темур Қурбонбоев фотосуратлари