Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида мажмуа таркибидаги Ислом Каримов номидаги кутубхонада Ўзбекистон Миллий университетининг бир гуруҳ талабалари иштирокида маърифий учрашув бўлиб ўтди. Университетнинг энг янги тарих кафедраси ўқитувчиси Давлатбек Рахмонбердиев ташаббуси билан ташкил қилинган ушбу тадбирда ЎзМУнинг хорижий филология, журналистика ва ўзбек филологияси, математика, иқтисодиёт факультетлари ҳамда ижтимоий фанлар факультети юриспруденция йўналишида таҳсил олаётган талабалар иштирок этишди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Дастлаб талаба ёшлар учун кутубхона бўйлаб экскурсия уюштирилиб, уларга зиё маскани тарихи, иш тартиби, бой ресурсга эга китоб фонди хақида маълумот берилди. Ислом Каримовнинг бевосита ўз асарлари ҳамда тарихчи, файласуф, сиёсатшунос олимлар томонидан Биринчи Президент ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб ёзилган бадиий адабиётлар, илмий нашрлар, шунингдек, Ислом Каримов шахсий архивидан – Татьяна Каримова томонидан туҳфа қилинган – жаҳоннинг турли мамлакатлари етакчилари ва сиёсатчилари дастхатлари битилган ноёб китоблар, хориж давлатларига сафарлар давомида совға қилинган китоблар илмга чанқоқ ёшларда ғоят катта таасурот қолдирди.
Тадбир давомида талабаларга Биринчи Президент хотирасига бағишлаб тайёрланган видеофильм намойиш этилди, шундан сўнг анжуманлар залининг ўзида “Ислом Каримовни хотирлаб” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Талабалар Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари”, “Юксак маънавият – енгилмас куч” каби ва бошқа асарларини ўқиганликларини, мустақиллик асосчиси томонидан ўз вақтида илгари сурилган “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт” деган ғоя асосида ёшларга яратиб берилган шарт-шароитлар, фан, таълим, маданият ва спортга кўрсатилган эътибор ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашдилар.
Шунингдек, ёш авлод вакиллари томонидан Янги Ўзбекистонда эртамиз эгаларига – ҳуқуқий кафолатларни яратишдан тортиб, сифатли билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш, шахс сифатида камол топиб, фаровон келажакни бунёд этиши учун барча имкониятлар яратилганлиги, буларнинг барчасига эса мустақилликнинг илк йилларида тамал тоши қўйилгани тўғрисида фикр билдирилди.
Ғоят самимий ва ўзгача бир кўтаринки руҳда ўтган учрашувдан сўнг – келажагимиз ишончли қўлларда эканига, бундан 35 йил аввал эзгу умидлар билан қадалган ниҳоллар униб чиқиб, бугун азамат дарахтларга айланаётганига, миллатни озодлик йўлига бошлаб чиққан инсон ёди авлодлар оша хотираларда абад қолишига яна бир бор ишонч ҳосил қилиш мумкин.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Ф.Қурбонбоев фотосуратлари















