ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“КОНСТИТУЦИЯ – ИНСОН ҚАДРИ, ЭРКИНЛИК, ТЕНГЛИК ВА АДОЛАТ ГАРОВИ!”


05.12.2025

Бу йилги байрамнинг бош ғояси ва шиори шундай номланган бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 21 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Фармойишида белгилаб берилган. Мамлакат бўйлаб юксак тантана билан нишонланаётган айём – юртдошларимизни айни шу юксак ғоя, унда ифода этилган эзгу қадриятлар атрофида бирлаштириши шубҳасиз.

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида – бош қомусимиз қабул қилинган куннинг 33 йиллик санасига бағишланган илмий-ижодий кеча ҳам шу ҳаётий шиор остида ўтди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда асосий урғу бош қомусимизнинг – ёшлар, уларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари учун кафолат бўлувчи асосий ҳужжат эканига қаратилди.

Аслида Конституция фақатгина ҳуқуқий ҳужжат эмас, халқни бирлаштирадиган, ҳамюртларимизда Ватан тақдири, истиқболи йўлида масъулият туйғусини уйғотадиган маънавий қадрият ҳамдир. У ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришда, қонунга ҳурмат руҳини шакллантиришда, ғурур билан, “Мен – конституцион ҳимоядаман” дея, қаддини ғоз тутиб юрмоғида муҳим ўрин тутади. Айниқса, ёш авлод учун Конституция – демократия, адолат ва ватанпарварлик мактаби.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Давлат гимни билан бошланди.

Ёдгорлик мажмуаси раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Темур Ширинов тадбирни очаркан, ўз сўзида ҳар бир мустақил давлат ҳаётида Бош Қомус – энг олий ҳуқуқий ҳужжат сифатида алоҳида ўрин тутиши, у мамлакат тараққиётининг ҳуқуқий асосини белгилабгина қолмай, халқнинг орзу-интилишлари, қадриятлари ва келажакка бўлган ишончини ўзида мужассам этиши тўғрисида фикр юритди. Тарихчи олим сифатида илк конституция тушунчаси тарихи олис мозийларга, яъни милоддан олдинги Месопотамия, Афина, Рим конституцияларига тақалишини, Ватанимиз шундай ҳужжатга эга бўлиши – унинг ана шу қадим давлатчилик анъаналари йўлини танлаганлигидан далолат бўлганини алоҳида қайд этди.

Биринчи Президент рафиқаси, Ёдгорлик мажмуаси Ҳомийлик Кенгаши аъзоси Татьяна Каримова ўз чиқишида – Конституция қабул қилинган тарихий жараёнлардаги Ислом Каримовнинг ўрни, унинг 25 дан зиёд давлатлар бош қонунларини шахсан ўрганиб, мамлакатимизнинг ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятини акс эттирган, халқаро стандартларга ҳам тўла жавоб берадиган, энг ривожланган мамлакатлар конституциявий қонунчилиги эришган ютуқларни инобатга оладиган Асосий Қонун лойиҳасини тайёрлашга бевосита раҳбарлик қилгани ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди.

Шундан сўнг намойиш этилган – мустақил давлатнинг илк Конституцияси қабул қилинган тарихий дамлар, унда ва янги таҳрирдаги асосий Қомусимизда акс этган ўзига хосликлар тўғрисида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм тадбир иштирокчиларини – яқин ўтган йиллар қадрдон воқеликларига бошлаш билан бирга, бугунги кунимиздан ҳам ифтихор туйғуларига ошно қилди.

Анжуманда илмий маърузалар билан иштирок этган Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Миллий университетининг профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба ёшлари, Биринчи Президент билан бирга дастлабки Конституция қабул қилинишида бевосита иштирок этган конституцион комиссия аъзолари, шунингдек, Туркиядан келган меҳмонлар – Конституциянинг инсон шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларининг мустаҳкам қонуний асоси экани, бош қомуснинг тамал тоши қўйилган паллада ҳам, янги таҳрирдаги Асосий қонунимизда ҳам биринчи галда – ёшлар ва уларнинг ҳуқуқлари учун бош кафолат ҳужжати ҳисобланиши, Ўзбекистонда Конституция ва давлат қурилишининг ўзига хосликлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишди. Ватан қомусини тараннум этган ижод намуналари намойиш этилди, куй-қўшиқлар янгради.

Ўзбекистон – 130 дан зиёд миллат тинч-тотув, эмин-эркин яшаб келаётган умумий уйимиз. Бу умргузаронлик, тотувликнинг асосий ҳуқуқий таянчи ҳам – айнан бош қонунимиз. Мустақиллик йилларида ўзгача мазмун ва равнақ топган қўшни давлатлар билан алоқаларимиз бугун янада янги поғонага кўтарилиб, олий ўқув юртларимизда қардош мамлакатлар фарзандлари ҳам билим олмоқда. Чунончи, Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олаётган туркман талаба-ёшлари иштироки ва ўзларининг миллий рақсини ижро этишгани – анжуманга ўзгача байрамона сурур бахш этди.

Ғоят самимий ва байрамона шукуҳ билан ўтган тадбир сўнгида унинг фаол иштирокчилари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Дарвоқе, илмий-маърифий анжуман доирасида – тадбир бўлиб ўтган Ислом Каримов номидаги кутубхонанинг ўзида – меҳмонлар учун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллик санасига бағишланган фото-кўргазма ҳам ташкил этилди.

Тадбирдан, умуман, бугунги сана билан боғлиқ воқеликлардан хулоса ўрнида айтиш лозимки, Ўзбекистонда Конституция – ростманасига инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови ҳисобланади. Бош Қомусга содиқ қолган ҳолда яшаш, унда белгилаб қўйилган тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш – ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз!

Т.Қурбонбоев фотосуратлари