Конституция – давлатнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ривожланиши, миллий мустақиллик ҳамда демократик тараққиётининг ҳуқуқий пойдевори. Мазкур бош сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатда – инсон, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг асосий принциплари ўрнатилади, қолаверса, инсон ва фуқаронинг давлат томонидан қўриқланадиган ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкамланади. Маъжозий маънода айтганда, у – мамлакат паспорти ҳисобланади.
Бундан 32 йил аввал, 1992 йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган эди. Шу кундан бошлаб, 8 декабрь – умумхалқ байрами сифатида нишонланиб келинмоқда. Мазкур байрам арафасида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида “Конституция – миллий мустақиллик ва демократик тараққиётнинг ҳуқуқий пойдевори” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти билан ҳамкорликда ташкил этилган илмий анжуман давлатимиз Президентининг 2024 йил 17 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Фармойишига асосан, “Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилди.
Мустақил Ўзбекистоннинг илк Конституцияси қабул қилинишида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг хизматлари беқиёс. У бош Қомус яратилиши жараёнларига бевосита раҳбарлик қилиб, кўплаб ривожланган давлатлар, жумладан, АҚШ, ГФР, Япония, Канада, Франция, Португалия, Италия, Швеция, Туркия, Испания, Ҳиндистон, Покистон, Миср каби мамлакатлар асосий қонунларини шахсан ўзи батафсил ўрганиб чиқди. Шу билан бирга, тарих ва миллий қадриятларга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Муҳокамаларда эса Ислом Каримовнинг ўзи ўнлаб моддаларга шахсан ишлов бериб, 77 та принципиал ўзгартиш ва қўшимчалар киритган.
Ўша дамларда Ислом Каримов билан бирга Конституцион комиссия аъзоси сифатида бевосита елкадош ва ҳамфикр бўлган – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 7 декабрь куни шундай фикрларни билдирган эди: “Конституциянинг яратилиши ва ҳаётимизга татбиқ этилишида замонамизнинг буюк давлат арбоби, улуғ йўлбошчимиз, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хизмати беқиёс эканини барчамиз яхши биламиз. Халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ва бутун ҳаётини тубдан ўзгартирган ушбу муҳим сиёсий ҳужжатни ишлаб чиқишда Ислом Абдуғаниевичнинг концептуал аҳамиятга эга, теран фикрлари мустаҳкам замин бўлди”.
2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдум асосида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. У Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий тараққиётнинг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Бевосита Ёдгорлик мажмуасида ўтган анжуманга қайтадиган бўлсак, тадбирда олимлар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, талаба-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган Мажмуа раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Темур Ширинов ўз чиқишида тарихчи олим сифатида – кишилик жамиятининг тарихий жараёнларида мамлакатни бошқарувчи асосий қонуннинг аҳамияти, “император Конституцияси” деб аталган қонуннинг қадимги Римдаёқ маълум бўлгани, жонажон тарихимизга мурожаат қиладиган бўлсак, уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасида – қадимги Хоразм ва Сўғдиёна, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Темур ва Темурийлар, ўзбек хонликлари даврида ҳам жамият ўзига хос қонунлар асосида бошқарилгани, Соҳибқирон “Тузуклар”и эса – Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлгани, бугунги бош қомусимиз ана шу миллий қадриятларни ҳам ўзида мужассам этган ҳужжат эканини таъкидлади.
Илмий маърузалар билан қатнашган анжуман иштирокчилари – Ўзбекистон Конституциясининг яратилиши тарихи, ҳуқуқий асослари, унинг давлат ва жамият тараққиётидаги ўрни, Конституция нормалари тўғридан-тўғри амал қилишининг аҳамияти, янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳияти, унга киритилган асосий ўзгаришлар, ижтимоий давлат ва унинг асосий принциплари, шунингдек, Ўзбекистон ва ривожланган мамлакатлар конституцияларида ижтимоий давлат концепциясининг ифодаланиши, мустақил Ўзбекистон конституцияси ва ривожланган демократик давлатлар конституциялари ўртасидаги уйғунликлар борасида фикр юритдилар. Давра суҳбати савол-жавоблар асосидаги қизғин муҳокамаларга бой бўлди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Биринчи Президент асарлари, илмий, тарихий ва бадиий нашрлар сақланадиган Ислом Каримов номидаги кутубхона, Кўргазмалар зали фаолияти ва ундаги “Бутун оламни жо қилган юрак” экспозицияси билан танишдилар.
Талаба-ёшлар ва тадқиқотчилар Ислом Каримов номидаги кутубхонага аъзо бўлишди. Фаол иштирокчиларга Мажмуа номидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Ф.Қурбонбоев фотолари