Сўнгги йилларда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида “китобхонлик маданияти” деган тушунча тобора кенг қулоч ёйиб бормоқда. Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқиш, инфратузилма ва ўқув тизими, китобхонлик билан боғлиқ муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш мақсад қилингани аниқ. Қатор-қатор Фармону қарорлар, дастурлар қабул қилиниб, уларда – баркамол шахсни тарбиялашда китобхонлик маданиятини оширишнинг алоҳида аҳамияти тобора кенгроқ кўлам касб этаётир.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Кўксарой қароргоҳида ёшлар билан бўлиб ўтган мулоқотида ҳам айни масала кўтарилиб, “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш” жамғармаси орқали янги ўқув йилига қадар энг яхши 100 та асардан иборат тўпламни тайёрлаб, барча мактаб ва техникумларга етказиш, энг фаол китобхон ўқувчиларни 10 миллион сўмдан мукофотлаш вазифаси қўйилди. Зеро, ёшларда китоб ўқиш кўникмаси шаклланса, камолоти йўлида қолган барча амалларни китобнинг ўзи ўргатади.
Ана шундай билимга чанқоқ, китобга ошно ёшларнинг бир гуруҳи – Ренессанс таълим университетининг филология факультети талабалари Ислом Каримов номидаги кутубхонада меҳмон бўлишди. Талабаларга кутубхонадан фойдаланиш тартиб-қоидалари, унинг иш тартиби, кутубхона жойлашган бино тарихи, Биринчи Президентнинг шахсий кутубхонасидан келтирилган китоблар, унинг асарлари, монографиялар, кутубхонанинг нодир адабиётлар жамғармаси ҳақида батафсил сўзлаб берилди.
“Биринчи Президентимиз ёшларга доимо Амир Темур, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний каби улуғ аждодларимиздан ўрнак олиб яшашни уқтириб, улар билан фахр, ғурур туйғуларини сингдирган. Биз ёшлар у кишидан ўрнак олган тарзда, эндиликда буюк боболаримиз қаторида Ислом Каримов билан ҳам фахрланамиз, у кишининг номи билан аталадиган кутубхонанинг фаолларига айланамиз”. Бу – талабалар сардори Феруза Раҳмонбердиеванинг тенгдошлари номидан айтган самимий фикрлари эди.
Экскурсия ниҳоясида талабалар эсдалик учун кутубхонага – университет раҳбарияти номидан – ўқув даргоҳи логотипи туширилган кулолчилик намунасини туҳфа қилишди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Т.Қурбонбоев фотосуратлари









