ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Хотирага эҳтиром


23.05.2023

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан ташкил этилган Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида фаолият юритаётган кўргазмалар залига ташриф буюраётган юзлаб ҳамюртларимиз ва меҳмонларнинг кети узилмайди.

20 май куни мажмуага қадам ранжида қилган Тошкент Давлат Иқтисодиёт университетининг битирувчилари даставвал Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, унинг  хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Уларга  мажмуанинг ташкил этилиши,  ҳайкалнинг яратилиши хусусида тўлиқ маълумотлар берилди.

Кўргазмалар залида меҳмонлар Ислом Каримовнинг образини яратган мўйқалам усталарининг, ҳайкалтарошларнинг ижод маҳсулларини ҳамда  тарихий фотосуратларни катта қизиқиш билан томоша қилдилар. Яқин кунларда музей очилиш арафасида эканлиги маълумот ўрнида айтиб ўтилди.             

Бу ерда меҳмонлар Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Каримова билан учрашиб самимий суҳбатда бўлдилар.  

Мулоқот давомида Ислом Каримов ҳаёти ва серқирра фаолияти, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг нуфузини ошириш йулидаги саъй-ҳаракатлари ва инсоний фазилатлари ҳақида сўз юритилди. Хотираси халқимиз ардоғида бўлган Биринчи Президент барчамиз учун буюк ибрат намунаси бўлиб қолиши йиғилганлар томонидан эътироф этилди.

Мустақилликнинг дастлабки йиллари Ислом Каримов ўзи таҳсил олган олийгоҳга ташриф буюриб учрашув ўтказгани ва талабаларга қарата: “Сиз мен учун қадрдонсиз. Чунки сиз, мен таҳсил олган олийгоҳда ўқияпсиз. Бизларни боғлаб турган мана шу даргоҳнинг қадрига етинг ва келажакка ишонч билан қаранг” – деган сўзларини битирувчилар ўзгача фахр билан ёдга олдилар.

Мулоқот сўнгида меҳмонлар Татьяна Акбаровнага қимматли вақтларини аямасдан учрашувга келганлари, сермазмун суҳбатлари учун чуқур миннатдорлик бидирдилар.

Ф.Курбанбаев суратлари