ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ХОТИРА УЙҒОНСА, ГЎЗАЛДИР


06.05.2024

Аслида инсон хотирасиз яшай олмайди. У – ёқимли ёки нохуш хотира бўладими, бирор шахс ва ё воқелик билан боғлиқми, унисидан қатъий назар, одамга муайян кайфият бахш этмоғи аниқ. Тақдир экан, бугун ўзини ҳам энг самимий хотиралар билан эслаб турганимиз – айнан Ислом Каримов “хотира”, “қадр” каби миллий ўзликка хос туйғуларни – миллатнинг ўзига қайтарган, “ғалаба” дея, бироз мавҳум, баландпарвоз ном ила аталувчи байрамни – хотирлашдек, қадрлашдек улуғ ўзан томон йўналтирган эди.

“Хотира – улуғ, қадр – муқаддас” деган шиоромуз ғоялар ўртага қалқиб чиқди: ўтганларни хотирлаш, тирикларни қадрлаб, уларга оқибату мурувват кўрсатиш керак эди. Шу йўл танланди, шунга амал қилинди ва шундай қилсаккина тўғри йўлдан бормоғимиз тугал англаб етилди. Чунки миллионлаб мардумнинг бошига етган, ёстиғини қуритган, яна шунчасини бир умрлик аламу забунликка гирифтор қилган урушда эришилган ғалабани байрам қилишдан кўра, қурбонларни хотирлаб, тирикларнинг қадрига етмоқ – минг бора беҳроқ ва мантиқлироқ иш.

Яна бир жиҳат борки, Биринчи Президентнинг ўзи – табиатан тинчликсевар инсон эди. Гўдаклиги уруш ва ундан кейинги афтода йилларда ўтгани, унинг нечоғли офат эканини ўз тани-ю руҳида ҳис қилгани боис бўлса керак, вужуд-вужуди билан урушни рад этиб, мамлакат сиёсатини ҳам шу ғояга йўналтирган эди. Шу сабаб ҳам онгли сиёсий фаолиятининг салмоқли қисмини – минтақа хавфсизлигига сарф этди. Шу сабаб ҳам КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) каби тузилмалардан ўз вақтида, “эс борида этакни ёпиб”, чиқиб кетишнинг уддасидан чиқди. Шу сабаб ҳам Ўзбекистон – гегемон давлатлар манфаати тўқнашиб, уруш ўчоғига айланмаслиги йўлини қила олди.

Дарвоқе, хотира... Келинг, Ислом Каримовнинг ўз фикрларини ёдга олайлик: “Хотира деганда биз бу фоний дунёда ўтган аждодларимизни эслаш, уларнинг чироғини ёқиб, эзгу ишларини давом эттиришни тушунамиз. Бу халқимизга хос азалий фазилат. Хотираси бўлмаган, тарихни унутган, ўз аждодларининг қадрига етмайдиган миллатнинг истиқболи йўқ. Бу ҳақиқатни кишилик тарихи исботлаб турибди. Қадрлаш дегани бу – асрлар давомида она диёримизни, халқимизнинг озодлик ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи ватандошларимизни ёдга олмоқ, уларга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоқдир”, деганди у.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Президентининг 1999 йил 2 мартдаги фармони билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинди. “Номаълум аскар”, “бедарак йўқолган” деган ибораларга барҳам берилиб, қурбон бўлганлар, урушдан қайтмаганлар номи тикланди. Хотира майдонларида барпо этилган ёдгорлик мажмуаларида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз номлари махсус лавҳаларга зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилди, улар ҳақидаги маълумотлар жамланган 35 жилддан иборат “Хотира” китоби чоп этилди. Бу ишларнинг бошида ҳам Биринчи Президент турди.

Бугунги Янги Ўзбекистонда нишонланаётган байрамлар ҳам худди ўша – халқимизга хос инсонийлик, матонат ва жасорат туйғулари билан ҳамоҳанг. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев уруш фахрийларига йўллаган табригида айтганидек, “Биз, бугунги миннатдор авлодлар сизлар каби жасур оталаримиз билан умрбод фахрланамиз. Сизларнинг жанг майдонларидаги буюк қаҳрамонлигингиз, урушдан кейин мамлакатни тиклаш ва ривожлантириш йўлида қилган фидокорона хизматларингиз учун барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз. Орадан яна қанча йиллар, асрлар ўтмасин, сизларнинг фашизмга қарши кўрсатган матонатингизни халқимиз ҳамиша қалбида, хотирасида сақлайди, бу жасорат ёшларимиз учун абадий ибрат намунаси бўлиб қолади”.

Ўтганларнинг эса охиратлари обод бўлсин!

 

Фарҳод Қурбонбоев олган суратлар