Ҳар йили тақвимдаги 9 май тобора яқинлашгани сайин бутун дунё бўлмасаям, унинг салмоқли қисмида мазкур сана билан билан боғлиқ турфа мунозаралар, баҳсу тортишувлар яна бош кўтариб қолади. Сананинг расмий сабаби-ку аён – Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалаба куни у. Баҳсу мунозаралар боиси – уни қандоқ аташу кимнинг байрам қилишга ҳақдорлиги хусусидаги машмашалар билан боғлиқ. Боз яна баъзи бир давлатлар бу санадан – “умумий тарих”, “ўтмишда бирга кечган умум қаҳрамонлик” каби, бир қарашда ғоят беозор кўринган ғоялар билан – мафкуравий қурол ўрнида фойдаланишга уриниб қолишиям бор...
Ўзбекистоннинг энг янги тарихида эса бир шахс, аниқроғи, унинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан – ўшанақа каби гаплар айни авжига чиқа бошлаган паллада унга шартта нуқта қўйилган, аниқроғи, 1999 йил 2 март куни имзолаган Фармони билан, 9 майни – Ўзбекистонда “Хотира ва қадрлаш куни” дея нишонлаш белгиланган эди.
Йиллар эса – бу қарорнинг нақадар тўғри ва оқилона бўлганини, жаҳон тарихида битмас-туганмас фожиа бўлган уруш тугаганига 80 йилдан ошса-да, унинг яралари ҳануз битмагани, уруш домида қурбон бўлганларни хотирлаш, тирикларни қадрлаб, эъзозлаш – инсоний бурч эканини исботлаб турибди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Мана, чорак асрдан ошибдики, “Хотира ва қадрлаш куни” юртимизда кенг миқёсда нишонланиб, 1941-1945 йилларда уруш ва меҳнат фронтида тинчлик учун курашиб, ҳалок бўлган жасур ва матонатли ўғлонлар ҳотираси ёд этилади, сафи анча сийраклашиб қолган уруш ва меҳнат фронтида жасорат кўрсатган нуронийларимиз эъзозланади. Юртнинг барча ҳудудида барпо этилган хотира майдонларига зиёратга келган ҳар бир ватандошимиз, албатта, ўз жигари, ҳеч бўлмаганда, бирор қўшнисининг номига дуч келиб, ўтганлар руҳига тиловату дуолар қилиб, юзига фотиҳа тортади.
Шундай чоғларда уруш кечаётган томонлардан, фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган етим-есирларни ўз бағрига сиғдирган, бурда нонини улар билан баҳам кўрган, уйи қанчалар тор бўлса, бағри шунчалар кенгайган, “Сен етим эмассан” деб, сағирларга меҳр-мурувват кўрсатган халқимизнинг одамийлик фазилатлари йиллар ўтса-да, унутилиб кетмаслиги ҳам ёдингга тушади.
Хотира ва қадрлаш куни янги Ўзбекистоннинг ҳам алоҳида нишонланадиган саналаридан бирига айланган, десак, буям адолатдан бўлади. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғоялари билан, Иккинчи жаҳон уруши манзараларини акс эттирувчи “Ғалаба боғи” ва “Шон-шараф” музейининг янгидан барпо этилгани, урушда беш норғул ўғлонини йўқотган, йўқотгану ор-номусини, ғурури-ю иродасини сақлаб қолган ўзбек онаси Зулфия ая Зокирова ва унинг садоқатли келинлари хотирасига бағишланган “Матонат мадҳияси” мажмуасининг дунёга келгани, уруш фахрийларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга шахсан давлат раҳбарининг ўзи бош-қош бўлаётгани фикримизга далил бўла олади.
Гап уруш ва унинг қурбонлари, хотира мавзусида кетаётган экан, яна бир гапни хотирлагимиз келди.
2016 йил 9 май. Тошкентдаги Хотира майдонида Биринчи Президент Ислом Каримов – ҳаётлигидаги энг сўнгги интервьюларидан бирида битта гапни алоҳида уқтириб, “қулоққа қўрғошиндек қуйиб” айтиб кетган эди: “Дунёда тобора кескинлашиб бораётган қарама-қаршиликлар, яқин ва узоқ атрофимизда кучайиб бораётган қонли тўқнашувлар тинчлик ва барқарорликка ўта жиддий хавф ва таҳдид солмоқда. Қуролли Кучларимиз салоҳиятини янада оширишга эътиборимизни кучайтириш, Ўзбекистонимизнинг ҳеч қандай ҳарбий блокка қўшилмаслиги ва мамлакатимиз ҳудудида чет давлатларнинг ҳарбий базалари жойлашувига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига йўл қўймаслик сиёсатини қонун билан мустаҳкамлаб қўйганимизни бугунги мураккаб вазиятда ўзимиз учун энг маъқул ва тўғри йўл, деб биламиз”.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Бугун дунёда кечаётган вазиятни кузата туриб, Биринчи Президент нақадар ҳақлигига қайта ва қайта амин бўласан...
Яна бир гап. Ҳеч қачон, ҳеч қайси урушда – ғолиб ҳам, мағлуб ҳам бўлмаган, бўлмайди ҳам. Урушда фақат қурбонлар бор, миллионлаб қалбларда қолажак ўчмас доғ бор, чандиқлар бор, холос.
Ўтганларнинг охирати обод бўлсин!
Ф.Қурбонбоев фотосуратлари









