“Оқсарой” қароргоҳида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси Ҳомийлик кенгаши аъзоси, Биринчи Президент рафиқаси Татьяна Каримованинг Ўзбекистон “Ветеран” жангчи фахрийлар ва ногиронлар бирлашмаси Тошкент шаҳар кенгаши раиси маслаҳатчиси, майор Баҳодир Зуҳуров билан учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда мажмуа раҳбари Темур Ширинов ҳамда ташкилот ходимлари иштирок этишди. Ҳарбий ветеранга ҳамроҳлик қилиб келган унинг невараси Муҳаммадзуҳур ҳам бобоси каби аскар бўлишни, юртига, халқига садоқат билан хизмат қилишни орзу қилади.
Ғоят илиқ ва самимий муҳитда кечган суҳбатда оддий, айни дамда муҳим қадриятлар – тинчлик, эзгулик ва адолат мавзуларида сўз борди. Б.Зуҳуров Биринчи Президент, Қуролли Кучларимизнинг илк Олий Бош қўмондони раҳнамолигида миллий армия ва ҳуқуқ-тартибот идоралари қандай шакллантирилиб, мудофаа қудрати мустаҳкамлангани, мамлакат раҳбарининг оқилона ва ўз вақтида қабул қилган қарорлари натижасида миллатлараро ва динлараро низоларнинг олди олинишига эришилгани ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди.
Меҳмоннинг фикрига кўра, бу жараёнларнинг барчасида Биринчи Президент рафиқасининг ўрни айниқса, катта. Зеро, у мустақилликнинг энг оғир, синовли илк йилларида ҳам Ислом Каримов ёнида, уни мудом қўллаб-қувватлаб турди. Бутун мамлакат тақдири учун масъул шахсга яқин бўлиш дегани – қатъият, ирода ва собит ишончни бахшида қиладиган турмуш тарзидир. Шундай кечган умрни ҳам бемалол ҳарбий хизмат билан тенглаштириш мумкин.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Учрашув давомида Баҳодир Зуҳуров Татьяна Каримовга Ўзбекистон “Ветеран” жангчи фахрий ва ногиронлар Бирлашмасининг кўкрак нишони ва ўз муаллифлигидаги “Ўзбек Ватан ҳимоячилари сулоласининг насабномаси” китобларини тақдим этди.
Ўз навбатида меҳмонга ҳам Ёдгорлик мажмуаси томонидан нашр этилган китоблар ҳамда мустақил давлат асосчиси таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан муомалага чиқарилган эсдалик маркалари совға қилинди.
Фотосуратлар, самимий тилаклар, рағбатга ундовчи сўзлар – буларнинг барчаси ҳарбийлар оиласининг икки авлоди қалбида абадий хотира сифатида сақланиб қолажак.
Т.Қурбонбоев фотосуратлари





