ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАНУ БИР ЖОНДИР


13.01.2025

“Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг мамлакат мустақиллигини ҳамда ҳудудий яхлитлигини, халқимизнинг тинч ҳаётини ва мустақилликни мустаҳкамлаш йўлидаги бунёдкорлик меҳнатини ҳимоя қилишдаги, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамиятини, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ҳарбий тузилмаларнинг 1992 йил 14 январдан республика юрисдикциясига ўтказилганлигини инобатга олиб, 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни этиб белгилансин”.

Бу кўчирма мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан 1993 йил 29 декабрда имзоланган Қонундан олинди. Шундан буён, мана, 32 йил ўтибдики, биз бу кунни умумхалқ миқёсда нишонлаб, байрам қиламиз. Байрам асносида “Ватан ҳимояси”, “юрт сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш”, “тинчликни асраш” каби каломларни такрор айтиб, шу муқаддас ишга умри-ю жонини тиккан ўғлонларимизни алқаймиз. Бугун эса, не тонгки, Ватан ҳимоячиларини қутлаш баробарида, шу байрам ва унга сабабчи инсонни ҳам эслаб турибмиз.

Чунки Ўзбекистон Олий Кенгашининг 1992 йил 14 январда ўтган сессиясида айнан Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган барча қуруқликдаги қўшинлар қисмларини Республика юрисдикциясига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. 1993 йилдан бошлаб эса худди ўша кун байрам деб эълон қилинди. Айнан Биринчи Президент ва Олий Бош қўмондон Ислом Каримов саъй-ҳаракатлари билан миллий мудофаа тизими шакллантирилиб, мамлакат мустақиллиги, чегаралар дахлсизлиги, халқ тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишга қодир бўлган замонавий миллий армия барпо этилди, юртда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурди.

Шу ўринда, хонаси келгани боис, бир ҳаётий мисолни ҳам эслаб ўтмоқ лозим бўлади. Маълумки, Президент – Конституция бўйича мамлакат Олий Бош қўмондон ҳисобланади. Ислом Каримов эса, шундай рутбага эга бўла туриб, бирор марта эгнига Олий Бош қўмондонлик либосини киймаган экан. Шу мисолнинг ўзи ҳам, унинг давлат раҳбари сифатида ичи-ичидан, қалбан нақадар тинчликсевар ва тинчликпарвар бўлганига мисол бўла олади.

Ислом Каримовдаги тинчликсеварлик шу даражада эдики, мавзуга алоқалар суҳбатлар ва интервьюларида ҳам “Ўзбекистон ҳеч қачон ҳеч қандай ҳарбий блокларга аъзо бўлмайди. Мамлакат ҳудудида ҳам бундан буён ҳеч қандай давлат ҳарбий базаси мавжуд бўлмайди. Ўзбек халқи, инчунун, менинг фарзандларим ҳеч вақт, ҳеч бир давлатдаги урушда қатнашишига йўл қўймайман”, дея мудом такрорлар эди. Шундай бўлди ҳам.

Мустақилликнинг илк йилларидаги мазкур тинчликпарвар сиёсат бугунги – Янги Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатининг ҳам, мудофаа салоҳиятининг ҳам негизи бўлиб келмоқда. 2018 йил 9 январда қабул қилинган, у билан “ҳарбий” сўзи “мудофаа”га ўзгарган – “Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси” орқали замонавий дунёнинг ташқи таҳдидлари шароитида ҳам Ўзбекистоннинг тутган йўли ва принциплари – фақат мудофаага, ўз тупроғи ҳимоясига асосланиши тўғрисидаги тугал хулосаларни беради. Мазкур ҳужжатда таъкидланганидек, Ўзбекистон мудофаа соҳасидаги сиёсатининг асосий мақсадлари – мустақилликни, суверенитетни, ҳудудий яхлитликни ва конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, давлатнинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш. Бу муқаддас бурчни эса бугунги таҳликали дунёда барчамиз янада теранроқ англаб бормоқдамиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Кейинги йилларда “Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган эзгу ғоя асосида Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини ошириш, ҳарбий қурилиш соҳасини тубдан модернизация қилиш бўйича олиб бораётган ислоҳотларимиз натижасида миллий армиямизда чуқур сифат ўзгаришлари юз бермоқда, унинг сафларида хизмат қилиш том маънода шон-шараф ишига айланиб бормоқда”.

Хуллас калом, зиммасига юртни, ундаги мурғак гўдаклардан тортиб, нуроний ота-оналаримиз тинчлиги, ори-ю шаънини асрашдек улуғвор вазифа, миссия юкланган алпомиш ўғлонларимиз, том маънодаги ватанпарвар йигит-қизларимиз байрами бугун. Уларни қутлаш, шарафлаш баробарида, юртимиз осмони мудом мусаффо, заминимиз турли офатлардан ҳоли, кўнгилларимиз эса турфа таҳликалардан озод бўлишини тилаб қоламиз.

Ф.Қурбонбоев фотолари