ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

КАСАБА УЮШМАСИ ҚЎМИТАСИ ЙИҒИЛИШИ


27.03.2026

2026 йилнинг 27 март куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси касаба уюшмаси қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Ислом Каримов номидаги кутубхонанинг анжуманлар залида ўтказилган йиғилишда – уюшмага аъзо барча илмий-ижодий, техник, хўжалик ҳамда молия бўлимларининг ишчи ва хизматчилари, шунингдек, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Тошкент шаҳар кенгаши вакиллари иштирок этишди.

Дастлаб ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар бўйича – мажмуа касаба уюшмаси қўмитасининг умумий ва молиявий ҳисоботлари тингланди. Шундан сўнг қўмитанинг ҳисобот давридаги фаолияти бўйича муҳокамаларда сўзга чиққан мажмуа раҳбари Темур Ширинов ҳамда бошқа аъзолар ўз чиқишларида – касаба уюшмаси томонидан ўтган йиллар мобайнида қилинган ишлар, эришилган натижалар, қолаверса, келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Қўмитанинг ўтган даврдаги фаолиятига баҳо берилди.

Шундан сўнг ташкилий масала кўриб чиқилди. Айни пайтга қадар касаба уюшмаси қўмитаси раиси вазифасида фаолият юритиб келган Дилдора Рафиқова ўз хоҳишига кўра, қўмита раислигидан озод қилинди. Унинг аризаси йиғилиш иштирокчиларининг бир овоздан қабул қилинган қарори билан қаноатлантирилди.

Мажлисда кўрсатилган номзодлар орасидан – Ислом Каримов номидаги кутубхона мудири Дилором Шукурова мутлақ кўпчилик овоз билан Мажмуа касаба уюшмаси қўмитаси раиси этиб сайланди. Шу билан бирга, қўмитанинг янгиланган таркиби аъзолари ҳам сайлаб олинди.

Йиғилишда, шунингдек, Мажмуанинг янгиланадиган жамоа шартномаси лойиҳаси, қолаверса, асосий иш фаолиятга дахлдор бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Мажлис якунида сўзга чиққанлар муҳокамадаги масалалар юзасидан ўз фикрларини баён қилиб, бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси янги таркибдаги аъзоларининг келгусидаги ишларига муваффақият тилашди.

Т.Қурбонбоев фотосуратлари