ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Истиқлол тиклаган қадриятлар: аждодларга эҳтиром


06.04.2018

6 апрель куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида анъанавий учрашув ва очиқ машғулот ўтказилди.

Тадбир қатнашчилари Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйиб Биринчи Президентимизнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. «Бутун оламни жо этган юрак» кўргазмасини меҳмонлар катта қизиқиш билан кўздан кечиришди.

Буюк аждодимиз Амир Темур таваллуд топган кун муносабати билан ташкил этилган тадбирда Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темур Ширинов, Ислом Каримов номидаги жамоатчилик фонди раҳбари Ботир Убайдуллаев, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев, Ғофур Ғулом уй музейи директори Олмосхон Аҳмедова ҳамда бир қатор идораларнинг мутасадди раҳбарлари ва вакиллари иштирок этдилар.

«Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш демакдир». Ислом Каримовнинг ушбу пурмаъно ибораси мулоқотнинг ўзига хос бош ғоясига айланди.   

Сўзга чиққанлар тарихимиз, тилимиз, динимиз, аждодларимизнинг номлари ўз-ўзидан халқимизга, ҳаётимизга қайтарилмагани, бунинг ортида Мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримовдек шахснинг жасорати, мардлиги, ватанпарварлиги мужассамлиги ҳақида сўз юритдилар.

Тарихни билмаганларнинг келажаги ҳам бўлмайди. Тарих сабоқлари эртанги кунимизни аниқроқ кўриш, мақсадимиз сари дадил одимлашга ундайди бизни.

Шу боис ҳам, бугун юртимизда аждодларимизнинг номини улуғлаш, тарихий қадриятларимизни асраб-авайлаш, ёш авлодни ҳақиқий ватанпарвар қилиб вояга етказиш вазифалари устувор бўлиб қолмоқда.

Пойтахт олий ўқув юрти талабалари ва бир қатор коллеж ўқувчилари иштирок этган учрашувда сўзга чиққанлар бу каби фикрларнинг амалий тасдиғини ҳаётий мисоллар ёрдамида очиб бердилар.

Учрашув жонли, савол-жавобларга бой, самимий руҳда кечди.