20 апрель куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида «Истиқлол йилларида бунёдкорлик: кеча ва бугун» мавзусида учрашув ва очиқ машғулот ўтказилди.
Таклиф этилган меҳмонлар даставвал Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, «Бутун оламни жо этган юрак» кўргазмасини кўздан кечиришди.
Тадбирда пойтахтимиздаги олий ўқув юртлари, Чирчиқ тиббиёт коллежи талабалари, Тошкент архитектура қурилиш институти, Тошкент давлат техника институти профессор ўқитувчилари, Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси совриндорлари, республика маънавият ва маърифат маркази ходимлари иштирок этдилар.
Очиқ машғулот модератори, Ислом Каримов номидаги мажмуанинг Илмий-тадқиқот ва таълим маркази мудири Ваҳоб Қўчқоров бу галги учрашувдан кўзланган мақсад, мавзунинг танланишига туртки бўлган омиллар хусусида батафсил тўхталди.
Мажмуа раҳбарининг ўринбосари, академик Турсунали Қўзиев Ислом Каримовнинг истиқлол меъмори, том маънода истиқболимиз меъмори сифатида Ўзбекистон тарихида тутган ўрни ҳақида сўз юритди.
Мулоқот давомида Биринчи Президентимизнинг меъморчилик ва қурилиш соҳасидаги ғоялари, таклиф ва тавсиялари асосида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларига кенг назар ташланди.
Ҳар бир ҳудуд, шаҳар ва қишлоқлар, айниқса пойтахтимиз Тошкентнинг бугунги жамолида бу буюк инсоннинг кўз нури, қалб қўри мужассамдир.
Кўча ва хиёбонлар, қайта тикланган тарихий обидалар, йирик саноат иншоотлари, маданий-маърифий масканлар, санъат кошоналари, бетакрор фавворалар, марказий кўча ва хиёбонларни безаб турган ҳайкаллар бунёдкорлик борасида истиқлол йиллари ютуқларга бой, самарали давр бўлганлигидан далолат беради.
Сўзга чиққанлар Президент Шавкат Мирзиёевга Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш, унинг илмий-маърифий меросини чуқур ўрганиш бўйича қабул қилган инсоний қарорлари учун чексиз миннатдорликларини билдирдилар.
Қилинган ишлар тарих китобига зарҳал ҳарфлар билан битилади албатта. Ҳаёт эса давом этади. Учрашув мавзусида «кеча ва бугун» ибораси бежиз тилга олинмаган. Қурилиш соҳасида Амир Темурни ҳамиша ибрат қилиб кўрсатган Ислом Каримов бугунги авлод томонидан бу борада ўзи ҳам намуна ва муносиб ибрат сифатида ардоқланмоқда.
Мамлакатимиз бўйлаб бунёдкорлик кўлами кенгайиб, янги янги иншоотлар қад ростламоқда. Зеро тинч ва осойишта юртда қурилиш соҳаси истиқболли ва бардавом йўналиш бўлиб қолаверади.
Фарход Курбанбаев олган суратлар