ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Истиқлол асосчисини ёд этиб


27.01.2018

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Ислом Каримов – истиқлол асосчиси” мавзуида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. 

Тадбир давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида ташкил этилди. 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси Н.Умаров, университет ректори С.Туробжонов ва бошқалар мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов буюк тарихий шахс, юксак эътиқод соҳиби, кучли сиёсатчи, Ватани, халқи учун меҳри дарё инсон бўлганини алоҳида таъкидлади. Йиллар давомида мамлакатимизда амалга оширилган, инсон манфаатларнии ҳимоя этувчи кенг кўламли ислоҳотлар замирида ана шу буюк инсоннинг заҳматли меҳнати мужассам. 

Ислом Каримовнинг қатъияти, жасорати, юртига бўлган кучли садоқати сабаб мамлакатимиз мустақилликка эришди ва қисқа муддатда улкан муваффақиятларни қўлга киритди. Ёш давлатимизни дунё таниди. 

– Элим деб, юртим деб ёниб яшаган Биринчи Президентимиз мамлакатимизнинг равнақ топиши, аҳоли фаровонлиги ва тинчлигини таъминлашда беқиёс ишларни амалга оширди, – дейди университет магистранти Бозор Мамадиев. – Бу эзгу фазилатдан ўрнак олишимиз, шу юрт фарзанди сифатида бор куч-ғайратимизни сарфлашимиз керак, деб ўйлайман. Чунки биз, ёшларни чуқур билимли, юксак салоҳиятли, зукко, дунёдаги тенгдошларига ўрнак бўла оладиган даражага етишимиз учун барча имкониятлар, шарт-шароитлар яратилган. Бу инсоннинг ёшларга билдирган юксак ишончи, фахрланиб сўзлашлари бизни ютуқлар сари ундайди. 

Тадбирда Биринчи Президентимиз хотирасига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. 

 

Барно Мелиқулова, ЎзА