Жорий йилнинг 25 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси жамоасининг йиғилиши бўлиб ўтди. У Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганининг бир йиллигига бағишланди.
Ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темур Ширинов ўз сўзида Мажмуанинг бир йиллик фаолиятини қисқача таҳлил қилар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ўзбекистонда улкан давлат ва сиёсат арбоби, мустақил Ўзбекистон асосчиси, мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
Ўзбек халқининг асрий анъаналарига амал қилиб, юксак маънавий фазилатларни намоён этган ҳолда Самарқандда Ислом Каримов мақбара мажмуасининг очилишига бағишланган маросимда Президент Ш.М.Мирзиёев алоҳида таъкидлаб ўтган эди: “Биз ўзгаларга қарам бўлиб яшаган мустабид тузум даврида бутун онгли ҳаётини эл-юрт равнақига бағишлаган инсонлар, аввало, республикамиз раҳбарлари хотирасига, афсуски, муносиб иззат-икром кўрсатилмади. Бунинг ўрнига уларнинг шаънига турли туҳмат ва бўҳтонлар ёғдирилганини кекса авлод вакиллари, муҳтарам фахрийларимиз ҳозиргача афсусланиб эслайдилар.
Одамийликни, инсон хотирасини ҳамиша азиз ва муқаддас деб биладиган бизнинг халқимиз бундай адолатсиз ишларни асло қабул қилмайди. Юртимизда бундай номаъқул ишларга энди ҳеч қачон йўл қўйилмайди”.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси тузилганига роппа-роса бир йил бўлди.
Бу мамлакатимиз раҳбарининг бутун собиқ шўролар маконида давлатимиз Биринчи Юртбошисининг ёрқин хотирасини абадийлаштириш бўйича “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги” мақоми билан махсус давлат тузилмасини яратиш бўйича илк қарори эди.
Ўтган давр мобайнида Ёдгорлик мажмуаси томонидан Низомда белгиланган вазифаларни бажариш борасида катта ишлар амалга оширилди. Мажмуа Ислом Каримовнинг улкан шахс, очиқ фуқаролик жамияти ва бозор иқтисодиётига асосланган демократик давлат асосчиси ва бунёдкори сифатидаги ҳаёти, кўп қиррали фаолияти ва меросини ўрганиш бўйича мақсадли, тизимли ишлар билан шуғулланмоқда, шунингдек илмий-тадқиқот, таълим ва маънавий-маърифий фаолиятини амалга ошириб келмоқда.
Ёдгорлик мажмуаси жойлашган манзил – узоқ йиллар мобайнида Ислом Каримов тинимсиз ишлаб келган, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг “Оқсарой” қароргоҳи, ажойиб боғ билан ўралган. У пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларининг севимли жойига айланган.
“Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмаси фахрий меҳмонлари китобида қолдирилган ёзувлар ҳам чуқур мазмун-моҳиятдан дарак беради:
Ҳиндистон Ташқи ишлар давлат вазири Мобашар Джавад Акбар: “Бу улкан шараф ва эҳтиром куни бўлди – мен ушбу давлатнинг янги эрасини яратган, миллий қаҳрамон Президент Ислом Каримовнинг ҳаёти, руҳи, турмуш тамойиллари, жасурлиги ва дунёқарашига назаримни қарата олдим. Бу унутилмас воқеа бўлди. Татьяна Каримова билан бўлган учрашувим ҳам хотирамда узоқ вақт сақланади. Мен у кишининг юксак даражадаги меҳмондўстлигини, шунингдек ўз турмуш ўртоғига ва ўз мамлакатига бўлган муҳаббатини ҳеч қачон унутмайман. Президент Каримовга нисбатан менинг мамлакатимнинг чуқур эҳтироми ва Бош вазир Нарендри Модининг юксак ҳурмати ҳақида ёзув қолдиришга рухсат бергайсиз”.
Озарбайжоннинг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Г.Гулиев: “И.А.Каримовга бағишланган кўргазма Ўзбекистон Биринчи Президенти ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги мазмуни билан лол қолдиради. Ислом Каримов музейи яратилиши “Халқ ўз тарихини билиши зарур” деган ғояга тўлалигича жавоб беради. Ўзбекистон тарихи Амир Темур ва Ислом Каримов каби буюк шахсларга бой. Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевга шундай музей яратиш ташаббуси учун юксак инсоний миннатдорлик билдириш лозим деб ҳисоблайман”.
Ёдгорлик мажмуаси жамоаси йиғилиши иштирокчиларига Ҳомийлик кенгаши аъзоси, мамлакатимиз Биринчи Президенти рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримованинг Ёдгорлик мажмуаси жамоасига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Унда хусусан таъкидланганидек, “Биринчи Президентимизнинг серқирра фаолияти ҳали ўрганилиши лозим. Ва вақтнинг ўзи унинг қандай тарихий шахс эканлигини ва суверен давлат яратишга қўшган ҳиссасини англаш имконини беради”.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга мустақил Ўзбекистон асосчиси Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасини абадийлаштириш бўйича амалга ошираётган доно сиёсати учун миннатдорлик сўзлари, шунингдек бундан буён ҳам ўзларининг барча куч-ғайратлари ва тажрибаларини мамлакатимиз раҳбарияти томонидан қўйилган вазифаларни адо этишга сафарбар қилишга тайёрлигини изҳор этишди.