ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

“Ислом Каримов – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асосчиси” мавзусидаги халқаро илмий конференция


13.04.2018

2018 йил 13 апрель куни Самарқанд шаҳрида “Ислом Каримов – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асосчиси” мавзусидаги халқаро илмий конференция ташкил этилди. Конференция Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритиши ва уни барқарор ривожланиш йўлидаги улкан тарихий хизматларини инобатга олган ҳолда, шунингдек унинг хотирасини абадийлаштириш ишларини давом эттириш мақсадида ташкил қилинди.

Конференция Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоатчилик фонди, Самарқанд давлат университети шунингдек Самарқанд вилояти ҳокимияти томонидан ўтказилди.

Конференция ялпи мажлисида ЎзР ФА академиги Беҳзод Юлдашев (ЎзР ФА президенти), Татьяна Каримова ( Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоатчилик фонди таъсисчиси), Қозоғистон-немис университети бўлим бошлиғи Раушан Серик (Қозоғистон), Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темир Ширинов, Ёзувчи Муҳаммад Али Аҳмедов каби йирик фан ва жамоат арбоблари иштирок этишди.

Конференция иши икки шўъбада ташкил қилинди. “Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритилиши ва мустаҳкамланишида Ислом Каримовнинг ўрни” деб номланган биринчи шўъбада Ислом Каримовнинг мамлакат тараққиётидаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий роли каби мавзуларда маърузалар қилинди. Биринчи шўъба ишида таниқли тадқиқотчилар ва бошқалар қатнашди.

Иккинчи шўъба “Ўзбекистоннинг халқаро алоқаларини ривожлантиришда Ислом Каримовнинг ҳиссаси" деб номланиб, унда қатнашчилар Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикаси, Тожикистон, Франция ўртасидаги маданият ва таълим соҳасидаги алоқаларини, Ислом Каримовнинг Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлашга қўшган  ҳиссаси ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро алоқаларига оид бошқа маърузалар муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида Ислом Каримов Хотира мажмуасига ташриф буюрилди ва гуллар қўйилди, шунингдек Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳат уюштирилди.