ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

«ИСЛОМ КАРИМОВ: МУСТАҚИЛЛИК, МАЪНАВИЯТ ВА МИЛЛИЙ АДАБИЁТ»


14.02.2023

        2023 йил 9-февраль куни Ислом Каримов Хотира ҳафталиги доирасида «Ислом Каримов: Мустақиллик, маънавият ва миллий адабиёт» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

       Тадбирда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон Миллий университетидан таниқли олимлар, профессор ўқитувчилар, талабалар иштирок этди. 

        Тадбирни Ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темур Ширинов кириш сўзи билан очиб, давлат ва жамоат арбоби, қомусий олим, улуғ шоир Алишер Навоий бадиий ижодда тенгсиз бўлгани каби, илм ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда ҳам беназир эканлиги, мустақиллик йилларида Ислом Каримовнинг ташаббуси билан барча мумтоз сиймолар қаторида, дастлаб Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолиятини янада кенгроқ ўрганиш, ёшлар таълим ва тарбиясига татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги, хусусан мустақилликнинг илк йили Ўзбекистонда “Алишер Навоий йили” деб эълон қилинганлигини таъкидлаб ўтди.

      Тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек тилининг тараққиётида Алишер Навоийнинг беқиёс хизматлари борлиги, шу боисдан ҳам мустақиллик, маънавият ва миллий адабиёт масалалари ўзаро уйғунлиги, мамлакатимизда 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши ҳам Навоийга кўрсатилган ҳурмат ва эҳтиромнинг бир рамзи эканлиги, унинг миллий тил, адабиётимиз ривожига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этишда Биринчи Президент Ислом Каримовнинг хизматлари ҳақида тўхталдилар. Таъкидлаш керакки, Ислом Каримов ташаббуси билан маънавият ва миллий адабиётга алоҳида эътибор қаратилди. Навоийшунослик ва Бобуршуносликда янги давр бошланди. Тошкент ва Навоий, хорижий  мамлакатлардаги Москва, Вашингтон, Токио, Боку, Шанхай ва бошқа кўплаб шаҳарларда Алишер Навоийга муҳташам ҳайкаллар ўрнатилди.    

     Шунингдек, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ташаббуси билан буюк шоҳ ва шоир, миллий маънавиятимизнинг ёрқин юлдузларидан бири ҳисобланган Заҳириддин Муҳаммад Бобур илмий-ижодий меросини ўрганиш ва қайта тиклашга ҳам алоҳида эътибор берилди. Ислом Каримовнинг Ҳиндистонга амалга оширган бир неча расмий ташрифлари давомида Бобурийлар даври меъморчилиги дурдонаси бўлган Тожмаҳалда бўлиб, шу давр илм-фан ва меъморчилик ютуқларига улкан баҳо бергани, Андижон шаҳрида унинг улкан ҳайкали ўрнатилиши, “Бобур изидан...” илмий экспедицияси ташкил этилганлиги алоҳида эътироф этилди.

      Тадбир сўнгида иштирокчиларга Ёдгорлик мажмуасида нашр этилган  турли китоб ва журналлар ҳамда ташаккурномалар топширилди.

Ф.Қурбанбаев суратлари