ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ИСЛОМ КАРИМОВ ХОТИРАСИГА ЭҲТИРОМ


30.01.2025

Бугун, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти таваллуд топган санада унинг туғилиб ўсган гўшаси Самарқандда ҳамда узоқ йиллар фаолият юритган Қарши шаҳрида хотира маросимлари ўтказилди.

Самарқанд ва Қаршида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкаллари пойига гул қўйилиб, Биринчи Президент хотираси ёдга олинди.

Самарқанддаги “Даҳбед” маҳалласида эҳсон оши тортилиб, Ислом Каримов мақбараси пойида Қуръон тиловат қилинди. Ислом Каримовнинг мамлакат олдида қилган буюк ишлари эсланди.

Бугун, шунингдек, Россия Федерацияси пойтахтидаги Ислом Каримов ҳайкали пойига ҳам гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Москва марказидаги Ислом Каримов номидаги хиёбонда бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон элчихонаси ходимлари ҳамда Россиядаги ватандошларимиз иштирок этишди.