30 январь – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуд топган кун.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, ушбу сана мамлакатимизда кенг нишонланмоқда.
Буюк давлат ва сиёсат арбоби туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида ҳам улуғ Йўлбошчимизни ёд этишга бағишланган тадбирлар эрта тонгдан бошланди.
Регистон майдони яқинидаги Биринчи Президентимиз ҳайкали ўрнатилган хиёбонда вилоят жамоатчилиги вакиллари, юртимизнинг турли ҳудудларидан келган меҳмонлар жам бўлди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва жамоатчилиги, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ҳайкал пойига гуллар қўйилди.
–Мамлакатимиз мустақиллиги ва янги давлатчилигимиз асосчиси, бугунги обод ва фаровон ҳаётимиз бунёдкори Ислом Каримов халқимиз қалбида яшамоқда, – дейди самарқандлик меҳнат фахрийси Ф.Шокирова. – Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида буюк Йўлбошчимиз номини абадийлаштириш борасида олиб борилаётган ишлардан барча юртдошларимиз мамнун. Буни ҳаво ҳарорати совуқ бўлишига қарамай бугун эрта тонгдан ушбу майдонга минглаб одамлар гул кўтариб келаётганидан ҳам билиш мумкин. Бу халқимизнинг Биринчи Президентимиз хотирасига бўлган ҳурмати, у кишидан миннатдорлигининг ёрқин ифодасидир.
Тадбирда вилоят жамоатчилиги билан бирга, юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келган меҳмонлар ҳам иштирок этди ва Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
–Биринчи Президентимиз биз, ёшлар учун барча шароит ва имкониятларни яратиб берган, бу ишга бутун борлиғини бағишлаган инсон эдилар, – дейди Урганч давлат университети талабаси, Ислом Каримов фонди стипендияси соҳиби А.Исмоилов. – Биз бугун эришаётган озми-кўпми ютуқларда у кишининг хизматлари беқиёс. Бунга жавобан, албатта, ўқиш ва меҳнат фаолиятимизда юқори натижаларга эришиб, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшамиз, аждодларимизга муносиб ворис бўламиз.
Тадбирлар доирасида Самарқанд шаҳри жамоатчилиги ва меҳмонлар учун эҳсон оши тортилди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев иштирок этди.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА