Жорий ой бошида, аниқроғи, 1 июль куни миллий валютамиз – сўмнинг амалга киритилганига роппа-роса 30 йил тўлди. Оқсоч мозий учун ўта қисқа бўлган бу давр аслида бутун бошли тарихий солномаларга асос бўла олиши мумкин. Табиийки, миллий валюта тизимимиз қатор босқичларни босиб ўтган. Келинг, бугун ана шу воқеликларни қисқача ёдга оламиз.
Ўзбекистон Республикаси 1991 йил 31 августда мустақилликка эришгани эълон қилингач, мамлакатда совет рубли – пул бирлиги сифатида муомалада қолаверган эди. “Ҳолва деган билан оғиз чучимагани”дек, миллий валютани жорий этишнинг ҳам ўзига яраша шарт-шароитлари, иқтисодий ва сиёсий асослари бўлмоғи даркор.
Чунки бир томондан, ҳудуди сайёранинг олтидан бир қисмини эгаллаган собиқ Иттифоқ қулагач, шу пайтгача унинг субъекти ҳисобланган Ўзбекистон ҳам – чегаралари қатори, ички бозорини ҳимоялаши лозим. Бошқа томондан, темир интизом ва тартиб жорий этилмаса, собиқ 15 та Республикадаги ҳамма қоғоз пуллар оқиб келиб, маҳсулотлар ташқарига чиқиб кетиш хавфи бор эди.
Худди шундай ўта мураккаб ва чигал бир шароитда Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг аввало қатъияти ва узоқни кўра билиш қобилияти, қолаверса, молия соҳасидаги тажрибаси қўл келди. Энг аввало, мамлакатда эълон қилинган жиноятчиликка қарши аёвсиз кураш натижасида – давлат ичкарисидаги пул ва манфаат деса, ҳамма нарсани қўшқўллаб тортиқ қилишга тайёр тоифаларнинг таноби тортилди. Истеъмол бозорини ҳимоялаш ва маҳсулотларни фақат Ўзбекистон фуқароларига сотиш учун эса бир марталик купонлар босиб чиқарилди.
Газета қоғозида чоп этилган ва ташкилотининг муҳри урилган купонларнинг нақд пулда тўланиши керак бўлган ҳисобга яраша қисми – озиқ-овқат дўконлари, умумий овқатланиш корхоналарида қайчида қирқиб олинган. Бундай купонлар 10+25=35, 50, 100, 150, 200, 350, 500, 1000, 2000, 3000, 5000 рублга яраша карточкалар билан чоп этилган.
Бу орада асосий мақсад бўлган – ўз пулимизни жорий этиш бўйича изланишлар ҳам тўхтаб қолгани йўқ. 1991-1993 йиллар давомида миллий валютани муомалага киритиш учун кўп изланишлар олиб борилди, хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилди.
Иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқулов ўша давр мураккабликларини шундай хотирлайди: “Даставвал биз рубль зонасида қолиб, Ўзбекистон тўлов балансини нормаллаштиришни мўлжал қилганмиз. Чунки бюджет тақчиллиги 44 фоизга етиб қолган эди. Аммо юзага келган шарт-шароитнинг ўзи миллий валютани тезроқ амалга киритишни кун тартибига қўя бошлади. Биринчидан, атрофдаги яқин ва олис Республикалар бирин-кетин ўз валюталарини жорий қилгани оқибатида, улардаги – қоғозга айланиб қолган рубль шиддат билан бизга оқиб кела бошлади. Иккинчидан, рублни босиб чиқарадиган Россия Федерацияси ҳам ғайритабиий шартлар қўя бошлади. Яъни эмишки, ким рубль зонасида қолса, давлат бюджетини Россия парламентида тасдиқлаши керак эмиш. Қайси ўзини ҳурмат қилган мустақил давлат бунга кўнади? Ислом Каримов бу вазиятда ҳам ғоят оқилона йўл тутди ва оралиқ валюта – сўм-купонни муомалага киритди”.
Шундай қилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 12 ноябрдаги қарорига кўра, ички бозорни ортиқча рубль массасидан ҳимоялаш, аҳолига пул маблағларини тўлашни ўз вақтида таъминлаш мақсадида, 1993 йил 15 ноябрдан бошлаб “сўм-купон” муомалага киритилди. У пул ислоҳотини амалга ошириш борасида маълум тажрибага эга бўлиш учун ўтиш валютаси сифатида хизмат қилди.
1, 3, 5, 10, 25, 50, 100, 200, 500, 1000, 5000, 10000 сўмлик пулларнинг барчасининг олд қисмида Ўзбекистон герби ва пул номинали, орқа қисмида эса Самарқанддаги Регистон майдонида жойлашган Шердор мадрасасининг сурати туширилган эди. 1, 3, 5, 10, 25 сўмлик пуллар 120 х 61 мм ўлчамда, 50, 100, 200, 500, 1000, 5000, 10000 сўмлик пуллар эса 144 х 69 мм ўлчамда ясалган. Сўм-купон – Англиядаги “Harrison & Sons Ltd” босмахонасида чоп этилган. Мазкур оралиқ валюта 9 ярим ой муомалада бўлган.
Тажриба ҳам тўпланди. Бу орада атрофимиздаги қўшни давлатлар – Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўз валюталарини муомалага киритиб ҳам бўлди. Шундан сўнг 1994 йил 16 июнда “Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини муомалага киритиш тўғрисида”ги Президент Фармони, 1994 йил 20 июнда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини жорий этишга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ва ниҳоят, 1994 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси – “сўм” муомалага киритилди.
Дастлабки муомалага чиқарилган банкнот ва тангалар хорижий давлатларда тайёрланган. 1995-1996 йилларда банкнот ва тангаларни тайёрлашнинг тўлиқ циклини жорий этиш мақсадида Марказий банк қошида “Давлат белгиси” корхонаси ва унинг таркибида қоғоз фабрикаси, босма фабрика ва зарбхона ташкил этилди ҳамда пулни ўзимизда чиқариш йўлга қўйилди. Дарвоқе, дунёдаги “манаман” деган барча давлатларда ҳам ўз пул фабрикаси йўқки, бу каби мураккаб ва қиммат технологиянинг Ўзбекистонда мавжуд бўлиши ҳам – Ислом Каримовнинг хизмати ҳисобланади.
Миллий валютамиз – сўм мамлакатда мустақил пул-кредит сиёсатини юритиш, иқтисодиётда ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкониятини яратди. Иш ҳақи ва ижтимоий тўловлар сўмда тўлана бошлади. Шу тариқа давлатнинг иқтисодий мустақиллигини таъминловчи мустақил пул-кредит сиёсати шакллантирилди.
Мазкур сиёсат бугунги кунда ҳам изчиллик билан давом эттириб келинмоқда. Чунончи, 2017 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Бу ҳужжат аввало, амалдаги валютани тартибга солиш тизимини тубдан ислоҳ қилиб, валюта сиёсатини либераллаштириш, барча тадбиркорлик субъектларига ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар яратишга қаратилган эди.
Бошқача айтганда, мустақилликнинг дастлабки чорак асрида миллий пул-кредит сиёсатининг асослари яратилиб, йўлга қўйилган бўлса, янги Ўзбекистон шароитида миллий валютамиз тўлиқ конвертирланиб, халқаро банк амалиётларининг ҳам тенг ҳуқуқли иштирокчисига айланди.