ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ИНСОН ХОТИРА БИЛАН ТИРИК


08.05.2025

“Ҳеч шубҳасиз, инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан тирик ва барҳаётдир. Ўтганларни эсга олиш, уларнинг хотираси олдида ҳурмат бажо келтириш халқимизга хос азалий қадрият. Жанг майдонларида Ватан учун, бугунги ва эртанги авлодларнинг ёруғ кунларга етиши учун жон берган, ўзини фидо этган инсонлар хотирасини ёдга олсак, бугун ҳаёт бўлган фахрийларимизга қанча ҳурмат-эҳтиром ва эътибор кўрсатсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз”.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга тегишли бу фикрлар бугун ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ. Дарҳақиқат, инсон хотира билан тирик. Тарихий хотира эса, бу нафақат Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган ота-боболаримизни эслаш, балки бугунги тинч ва осойишта ҳаёт, мусаффо осмон учун жон фидо қилган барча инсонларни ёд этиш, бизнинг ким эканимиз, қандай буюк зотларнинг авлоди, қандай бебаҳо мероснинг ворислари эканимизни ҳеч қачон унутмасликка, ана шундай ўлмас қадриятлар, эзгу ғоялар учун курашиб яшашга чорлайдиган даъваткор кучдир.
Ислом Каримовнинг ўзи ана шундай эътиқод билан яшаш баробарида, миллат етакчиси, истиқлол асосчиси ўлароқ барчани шу йўлга бошлади. Айнан унинг ташаббуси билан 1999 йилдан бошлаб, юртимизда 9 май санаси “Инсон – азиз, хотира – муқаддас” деган эзгу ғоя остида, Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланадиган бўлди.
Биринчи Президент том маънода тинчликпарвар одам эди. Буни тасдиқловчи биргина факт борки, Ислом Каримов айни бир пайтда мамлакат Қуролли кучларининг Олий Бош қўмондони бўлганига қарамасдан ҳеч қачон ҳарбий либос киймаган. Миллий армиянинг қудрати ва салоҳиятини юксалтиришга қаратилган барча ишлар замирида, бошқа давлатларга нисбатан тажовуз ёки таҳдид эмас, балки, Ўзбекистоннинг тинчлиги ва барқарорлигини, сарҳадлар дахлсизлигини ҳимоя қилиш мақсади мужассам эканлигини ҳамиша таъкидлаб келган. Унинг учун фарзандлар камоли, оналар хотиржамлиги, Ватан равнақи, халқ манфаати ҳар нарсадан устун бўлган. Шу неъматларга таҳдид солувчи ҳар қандай сиёсатга ҳеч иккиланмасдан қарши турган. Ўзбекистон бирорта ҳарбий блокка аъзо бўлмагани – бунинг ёрқин тасдиғи.

Ислом Каримовнинг бошқарув йилларида “Номаълум аскар”, “бедарак йўқолган” деган мавҳум ибораларга барҳам берилиб, қурбон бўлганлар, урушдан қайтмаганлар номи тикланди. Хотира майдонларида барпо этилган ёдгорлик мажмуаларида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз исм-шарифлари махсус лавҳаларга зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилди, улар ҳақидаги маълумотлар жамланган 35 жилддан иборат “Хотира” китоби чоп этилди.
Ҳақиқатан ҳам, тарих – бу хотира дегани, ўтган аждодларнинг шонли ишлари, қаҳрамонликларини эслаш, ўтмиш воқеаларидан тўғри хулоса чиқариб яшаш деганидир.
Шундай қадрият ва қарашлар бугунги – Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги нишонланаётган кунларда ҳам янгича шаклу шамойилда ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш, тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва аҳилликни асрашдек ўта муҳим вазифаларни бажаришда қаҳрамон фахрийларнинг жасорати, шонли анъаналари ҳамиша ибрат мактаби бўлади. Биз улардан руҳ ва куч олиб, Ватан ҳимоячилари, тинчлик посбонлари, янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлишдек юксак бурчимизни, албатта, шараф билан адо этамиз”.
“Хотира ва қадрлаш куни” арафасида Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуасидаги “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмасида – Биринчи Президент раҳбарлик қилган йилларда, қолаверса, шу кунларда ҳам – Иккинчи жаҳон уруши йилларида матонат кўрсатган юртдошларимизга кўрсатиб келинаётган эъзоз ва қадр лаҳзалари муҳрланган фотокўргазма ташкил этилди. Уни томоша қилишга келган меҳмонлар орасида эса – онгли умрини юрт ҳимояси ва тинчлиги йўлига бағишлаган ҳарбийларимиз кўплаб топилади.
Йиллар, замонлар ўтар. Аммо боболар шаън-шавкати, босиб ўтган йўли ва ҳаётий тажрибаси биз учун ибрат ва сабоқ бўлиб қолаверади.

Ф.Қурбонбоев ва Т. Қурбонбоев фотосуратлари